Линклар

logo-print

Сочи – 2014 йилги Қишки Олимпиада мезбони


Аваз Алиев Халқаро Олимпия қўмитасининг Гватемалада ўтган сессиясида Россиянинг Қора денгиз соҳилидаги Сочи шаҳри 2014 йилги Қишки Олимпиада ўйинларига мезбонлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритди.

2014 йилги Қишки Олимпиадага мезбонликка Россиянинг Сочи, Австриянинг Зальцбург ва Жанубий Кореянинг Пхенчхан шаҳарлари даъвогарлик қилган эди. Гватемалада бу уч шаҳар вакиллари тақдимот маросими ўтказди.

Сочи шаҳри номзодини қўллаб-қувватлаш учун Гватемалага Россия президенти Владимир Путин ҳам келиб, ХОҚ сессиясида маъруза қилди.

“Олимпиада орзуси миллионлаб россияликларни бирлаштирган. Қишки ўйинлар Россияда жудаям оммабоп. Спортчиларимиз кўплаб ғалабаларга эришиб, Олимпия ҳаракатига салмоқли ҳисса қўшган. Бироқ биз Қишки Олимпия ўйинларини қабул қилиш каби шарафга муяссар бўлмаганмиз. Бутун халқимиз номидан сизни ишонтириб айтамизки, Сочини танлаш энг тўғри қарор бўлади”, - деди инглиз тилида маъруза қилган В.Путин.

Овоз беришнинг биринчи босқичи Зальцбург учун муваффақиятсиз бўлди. Иккинчи ва сўнгги овоз бериш босқичида ХОҚ аъзолари Сочи номзодини қўллаб-қувватлади.

“Халқаро Олимпия қўмитаси 22-Қишки Олимпиада ўйинлари 2014 йилда Сочи шаҳрида ўтказилишини чуқур фахр билан маълум қилади”, - деди ХОҚ президенти Жак Рогге.

Ғолиб шаҳар номи эълон қилинаётган пайтда Россияда соат эрталабки тўртга яқинлашаётган эди. Шунга қарамай, Сочи марказий майдонига 20 мингдан ортиқ россиялик тўпланди. Улар Гватемаладаги Россия делегацияси каби Халқаро Олимпия қўмитаси қарорини олқишлаб кутиб олди.

Сочининг Қишки Олимпиада ўйинлари пойтахти сифатида танланиши муносабати билан Россияда кўплаб байрам тадбирлари бўлиб ўтиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG