Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:35

Н.Назарбоевнинг жамоатчиликка маъқул бўлмаган қадами


Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг мамлакатдаги ҳукмрон “Нур Отан” халқ демократик партияси раислигини қабул қилгани жамоатчилик ўртасида кучли баҳс-мунозара уйғотди.

“Нур Отан” қурултойида маъруза қилган Н.Назарбоев конституция унга давлат раҳбари бўлиш билан бир вақтда сиёсий партия раислигини бажаришига ҳам изн беришини, халқаро майдонда мавжуд бу амалиёт Қозоғистонда ҳам қўлланишини билдирди.

“Конституция кафили сифатида мен бўлажак парламент сайловининг холис ва адолатли ўтиши учун ҳаракат қиламан. Сайловда раҳбарлигимдаги “Нур Отан” партияси камида 40 фоиз овоз олади. Чунки халққа ўз сўзида турадиган партиялар керак”, - деди Н.Назарбоев.

Маҳаллий “Зона.кз” ахборот агентлиги эса Н.Назарбоевнинг ҳукмрон партияни бошқариши конституция талабларига зидлиги, бундан буён “Нур Отан”ни халқ-демократик эмас, балки ҳукумат-президент партияси, деб аташ тўғри бўлиши ҳақида ёзди.

Аммо Қозоғистон Конституциявий кенгаши раиси ўринбосари Бахит Нурмуханов Н.Назарбоев сиёсий партияга раислик қилишга ҳақли эканини билдирди.

“Илгари конституцияда президентнинг сиёсий партиялардаги фаолияти маън этилган эди. Аммо жорий йилнинг 21 май куни конституцияга киритилган ўзгаришлар бунга изн беради. Шунинг учун Н.Назарбоев қонунни бузаётгани йўқ. Мен президент “Нур Отан” партиясига раис бўлгани жамоатчилик томонидан салбий қарши олинганидан ҳайронман. Ахир бу амалиёт халқаро миқёсда кенг қўлланилади. Буюк Британия собиқ бош вазири Тони Блэр ҳам бир неча йил давомида Лейбористлар партияси етакчиси эди”, - деди Б.Нурмуханов.

Мустақил журналист Сергей Дуванов Қозоғистон президентининг ҳукмрон “Нур Отан” партиясига раислик қилиши мамлакат бошқарув тизимининг бир киши ва атрофидагилари қўлига ўтиши йўлида ташланган қадам эканини айтмоқда.

“Нур Отан” партияси собиқ КПССнинг муқобили бўлади. Қозоғистонда сиёсий ислоҳотлар ўтказилишидан асосий мақсад ҳам диктатор раҳбарлигида ягона ҳукмрон партиянинг парламентни бошқариши бўлган. Бу вазиятнинг аҳмоқоналиги шундаки, президент нафақат партияни, балки мамлакат ва парламентни ҳам бошқаради. Бу дегани Қозоғистонда ҳукумат монополизацияси нафақат сақланиб қолмоқда, балки бир неча бор кучайтирилмоқда ҳам”, - дейди С.Дуванов.

Мухолифатдаги Социал-демократик партия етакчиси Жармахон Туёқбой партияга раислик қилиши Н.Назарбоевнинг объективлигини йўқотганидан дарак эканини таъкидлади.

“Президентнинг партияга раислик қилиши ҳақида конституцияга киритилган ўзгартириш унинг авваллари мавжуд бўлган формал объективлигини ҳам йўқотганини англатади. Н.Назарбоев арбитр сифатида холислигини сақлаб қолиши даркор эди. Ҳукумат сайловнинг адолатли ва холис ўтишини таъминлаш ўрнига ўзи ҳам сиёсий ўйиннинг навбатдаги субъектига айланмоқда. Н.Назарбоевнинг “Нур Отан”га раҳбарлик қилиши эса бу сафарги парламент сайлови ҳам адолатсиз ўтишидан дарак бермоқда”, - деди Жармахон Туёқбой.
XS
SM
MD
LG