Линклар

Ўзбекистон-Россия муносабатлари истиқболи ва муаммолари

  • Ҳасанжон

Сергей Ивановнинг Тошкентга ташрифи муваффақиятли бўлгани айтилаётган бир пайтда аввалроқ айрим таҳлилчилар Ўзбекистон-Россия муносабатлари сўнгги вақтларда совуқлашаётганини билдирган эди.

Россия бош вазири биринчи ўринбосари С.Ивановнинг Тошкентга сафари якунида икки давлат учун муҳим бўлган бир қанча шартнома имзоланди. Ахборот агентликлари хабарига кўра, уларнинг асосий қисми миграция масаласига оиддир. Бош вазир Шавкат Мирзиёев билан учрашуви чоғида С.Иванов ўз мамлакати Ўзбекистон иқтисодиётига кўпроқ сармоя ётқизишни режалаштираётганини айтган.

Ватанига жўнаб кетиши олдидан С.Иванов Ўзбекистонга ташрифидан катта қониқиш ҳосил қилганини айтган экан: “Савдо-сотиқ соҳасидаги алоқаларимиз кенг ҳамкорлик доирасида конкрет лойиҳалар билан тўлиб ривожланишига умид қиламан”, - деди.

Президент Ислом Каримов эса Ўзбекистон-Россия муносабатларида “бир-бирини тушуниш, динамизм” борлиги, амалда мавжуд алоқалар “аниқ истиқболга ҳам эга”лигини таъкидлади.

Сўнгги пайтларда айрим таҳлилчилар Россия-Ўзбекистон муносабатлари совий бошлагани ҳақида гапирган эди. Бу иддаолар ҳақиқатга қанчалар мос келади?

Москвадаги МДҲ институтининг Марказий Осиё бўлими мудири Андрей Грозин фикрича, икки давлат муносабатларининг ҳозирги аҳволи Тошкент ва Москва расмийларини қониқтиради. Шу боис, яқин келажакда Ўзбекистон-Россия муносабатларида жиддий ўзгариш бўлиши кутилмайди.

“Ҳозир икки давлат ички сиёсатида мавҳумлик даражаси жуда юқори. Гап шундаки, жорий йил охирида Ўзбекистонда, келаси йил Россияда мамлакат раҳбарининг ўзгариши кутилмоқда ёки президентлик муддати маълум ўзгаришлар билан узайтирилиши кутилмоқда. Ҳозир ҳам Ўзбекистон, ҳам Россия учун, аниқроғи икки давлат элитаси учун асосий муаммолар шу”, - дейди Андрей Грозин.

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Фарҳод Толибов Россия президентлигига асосий номзодлардан бири С.Ивановнинг Тошкентга ташрифи ва бир неча муҳим шартнома имзоланиши Ўзбекистон Кремль томонидан минтақадаги етакчи давлатлардан бири сифатида тан олинишидан далолат беришини таъкидлади.

“Россия раҳбарияти Ўзбекистон ҳақиқатан ҳам Марказий Осиёда жиддий роль ўйнаши мумкинлигини тан олган ва буни эътироф этади. Мана шу ташрифлар ҳам шундан далолат беради. Бу шубҳасиз”, - деди Ф.Толибов.

Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигида қайси масала устивор бўлади, деган саволга Андрей Грозин: “Менимча, биринчи навбатда, Россиянинг постсовет давлатлари, жумладан, Марказий Осиёда юритаётган янги сиёсати назарга олинса, Россия-Ўзбекистон алоқаларининг асосий йўналиши, аввало, икки давлатнинг ёнилғи-энергетика комплекслари ўртасидаги ҳамкорлик бўлади”, - дея жавоб берди.

Ф.Толибов фикрича эса Россия-Ўзбекистон муносабатларида савдо-иқтисодий ва хавфсизлик йўналишлари устивор бўлади, аммо бунинг ўзига яраша геосиёсий ўлчамлари ҳам бор.

А.Грозиннинг таъкидлашича, ҳозир Ўзбекистон-Россия муносабатларидаги мавжуд муаммолар, асосан, техник характерга эга. Шундай бўлса-да, улар тез фурсатда ҳал этилмаса, ўзаро алоқаларга салбий таъсир этиши мумкин.
XS
SM
MD
LG