Линклар

logo-print

Ўзбекистон фуқароси қотилликда айбланмоқда


Жанубий Қозоғистонда вилоятнинг Тулибий туманилик 40 ёшли фуқарони ўлдиришда гумон қилиниб Ўзбекистон фуқароси, хоразмлик 37 ёшли мардикор ҳибсга олинди.

Чимкент шаҳри Енбекши тумани ички ишлар бўлими терговчиси Ермек Шулдиннинг билдиришича, қотиллик Чимкент шаҳрининг Сайрам кўчасида содир этилган. Тергов давомида Чимкент шаҳридаги қурилишлардан бирида кран ҳайдовчиси бўлиб ишлайдиган хоразмлик эркак янги танишган бир аёлни бегона эркаклардан рашк қилиб, қотиллик содир этгани аниқланган.

Хоразмлик мардикорнинг айтишича, у тулибийлик эркакни бошига тош билан уриб ўлдирган.

“Ишдан кейин дўкондан пиво олдим. Кўчада бир аёл турган экан, у билан танишдим ва пивога таклиф қилдим. Таниш бир рус йигити билан уччаламиз ўтириб ичдик. Кейин рус йигити кетди. Биз аёл билан ичиб ўтирган эдик, бегона эркаклар келиб аёлни олиб кетмоқчи бўлди. Қаршилик қилганим учун мени уриб, четга отиб юборишди. Ўрнимдан туриб, ерда ётган катта тош билан бирининг бошига урдим”, - дейди хоразмлик эркак.

Бошига урилган тошдан жароҳатланган тулибийлик эркак воқеа жойида оламдан ўтган.

Хоразмлик мардикор устидан Қозоғистон Жиноят кодексининг 96-моддаси, яъни одам ўлдириш айби билан жиноят иши қўзғатилган ва у 12 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Қозоғистонга пул топиш мақсадида келган ўзбекистонлик мардикорлар томонидан жиноят содир этилиши ҳолатлари тез-тез учраб туради.

Полиция маълумотига кўра, ўтган йили Жамбил вилоятида ўзбек мардикори томонидан содир этилган қотиллик вилоятда сўнгги 20 йил мобайнидаги энг даҳшатли қотиллик, деб топилган. 30 ёшли ўзбекистонлик мардикор йигит жамбиллик бир оиланинг барча аъзоларини, яъни беш одамни пичоқ билан сўйиб, уларга тегишли 50 минг АҚШ долларини ўғирлаган.

Ўтган ойда фарғоналик уч мардикор қозоғистонлик хўжайинига қарашли станокни ўғирлашда айбланиб ҳибсга олинган эди.

Тошкентлик 39 ёшли мардикор эса Жанубий Қозоғистоннинг Тулибий тумани Султонробот қишлоғидаги бир фуқаронинг уйидан қорамол ўғирлашда айбланиб ушланган.

3 июль куни ярим тунда ҳам фарғоналик 22 ёшли мардикор йигит қўлга олинган. У чимкентлик 27 ёшли фуқаронинг 4500 танга (40 АҚШ доллари) миқдоридаги пулини ўмаришда гумон қилинмоқда.
XS
SM
MD
LG