Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:49

Ўзбек битирувчилари олий ўқув юртига киришда қийинчиликларга дуч келмоқда


Қозоғистонда бир юз элликка яқин ўзбек мактабида 90 мингдан ортиқ ўзбек болалари ўз она тилида таълим олади. Бу йил 7 мингга яқин ўзбек ёшлари мактабни тамомлайди. Улар орасида олий ўқув юртларига ҳужжат топшириш ниятидагилар ҳам талайгина.

Гарчи Қозоғистонда олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари аллақачон ниҳоясига етган бўлса-да, бу жараён мамлакатдаги ўзбек, тожик ва уйғур мактаблари битирувчиларига тааллуқли эмас. Қозоғистонда мавжуд қонун-қоидаларга кўра, миллий мактабларни битирган ёшлар олий таълим олиш учун фақат қозоқ ёки рус тилида имтиҳон топшириши шарт.

Қозоғистон халқлари ассамблеясининг ёшлар бўлими раҳбари Саид Рурсунметов мамлакатдаги ўзбек ёшларининг энг катта муаммоси олий ўқув юртига кириш пайтида қозоқ ва рус тилида имтиҳон топшириш экани, ўн йил давомида ўз она тилида ўқиган ёшлар бошқа бир тилда имтиҳон топшириши жуда қийинлигини таъкидлади.

Чимкент шаҳридаги Улуғбек номидаги ўзбек мактаби битирувчиси Шуҳрат Рўзматов келажакда физик бўлиш ниятида. У ҳам имтиҳонларга қанчалик жиддий тайёрланмасин, тест синовлари қозоқ ёки рус тилида экани ўзи каби ўзбек ёшларига қийинчилик туғдиришини билдирди.

“Албатта қийин, лекин ҳаракат қилиш керак. Масалан, математика, физика, биология, кимё фанларида терминлар кўп. Биз уларни қозоқча ёки русчада қандай айтилишини ёдлашимизга тўғри келади. Бу биз учун қўшимча қийинчилик”, - деди Ш.Рўзматов.

Сайрам қишлоғидаги Ҳамза номидаги мактаб директори Мансурхон Қодиров қанчалик қийинчилик бўлмасин, ўзбек ўқувчиларининг мувафаққиятлари ҳам талайгина эканини маълум қилди.

“Мактабимизни ўтган йили битирган 81 ўқувчидан 43 нафари олий ўқув юртларига, 7 нафари ўрта махсус таълим масканларига кирганини катта ютуқ ҳисоблайман. Кўп нарса ўқитувчининг қандай таълим беришига боғлиқ. Мактабимиздаги қозоқ тили фани ўқитувчилари саъй-ҳаракати туфайли бир ўқувчимиз қозоқ тилида имтиҳон топшириб, Мухтор Авезов номидаги давлат университетига давлат гранти асосида ўқишга киришга муваффақ бўлди”, - деди М.Қодиров.

Аммо ўзбек ёшлари қозоқ ёки рус тилини яхши билмаслик оқибатида олий ўқув юртларига кира олмаётгани ҳам кўп учрайди. Туркистонлик Санжар ҳам қозоқ тилини билмаслиги сабабли талаба бўлиш бахтидан бенасиб қолганлардан.

“Мен қозоқчани яхши билмайман. Қозоқча тест саволларидан ҳеч нарса тушунмаганман. Оқибатда ўқишга кира олмадим”, - дейди Санжар.

Ўзбек ота-оналари ҳам фарзандларининг билим олиш ҳуқуқи камситилаётганидан норози эканини айтади.

“Биз болаларимизни нимага ўқитяпмиз, ҳайронман. Улар мактабда она тилида ўқийди. Лекин ҳеч қаерда улар ўзбек тилида имтиҳон топшира олмайди”, - дейди ота-оналардан бири.

Жанубий Қозоғистон вилояти ўзбек маданияти маркази раҳбари Икром Ҳошимхоновнинг билдиришича, ўзбек мактаблари битирувчиларини қийнаётган бу муаммонинг ечимини топиш мушкул бўлмоқда.

“Тест масаласида ҳар йили Қозоғистон Таълим вазирлигига мурожаат қиламиз. Бизга фақат ваъда бериляпти. Бу борада бир қанча тавсияномалар бердик. Улар тест синовлари ўзбек тилига таржима қилиб берилишини айтди. Лекин ҳеч қандай натижа бўлмаяпти”, - деди И.Ҳошимхонов.

Кузатувчилар фикрича, яқин йиллар ичида Қозоғистондаги ўзбек мактаблари сони кескин камайиши мумкин. Чунки ота-оналар олий ўқув юртларига кириш пайтидаги тил билан боғлиқ муаммо туфайли фарзандларини рус ёки қозоқ мактабларига беришни маъқул кўрмоқда.
XS
SM
MD
LG