Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:33

“Made in China” “эҳтиёт бўл” дегани...ми?


Хитойда ишлаб чиқарилаётган кўпгина маҳсулотлар сифати Ғарб мамлакатларида катта норозиликларга сабаб бўлаётган бир пайтда Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон бозорлари “сариқ қитъа” товарлари билан тўлган.

Ғарб давлатлари “дунё фабрикаси” номини олган Хитойда ишлаб чиқарилаётган товарлардан юз ўгираётган кўринади. Бунда АҚШда Хитойда ишлаб чиқарилган тиш пасталари, Буюк Британияда Хитой ўйинчоқлари таркибидан заҳарли моддалар топилгани ўзига хос катализатор ролини ўйнамоқда. Йил бошидан бери Хитойдан экспорт қилинган озиқ-овқат маҳсулотларини еб, Ғарбда уй ҳайвонлари ўлгани қайд этилди. Хитой пиротехникасининг фойдаланувчи учун қанчалик хавфли экани эса шундоқ ҳам кўпчиликка маълум.

Америкалик демократ сенатор Ричард Дëрбин бугунга келиб “Made in China” тамғаси маҳаллий аҳоли томонидан “эҳтиëт бўлинг” қабилида қабул қилинаëтганини билдирди.

EИ давлатлари ҳам Хитой молларидан хавотирга тушмоқда. Ўтган йили Европа божхона идоралари Хитойдан келтирилган жуда кўп қалбаки дориларни мусодара қилди.

Япония, Австралия, Панама ва Доминикан ҳам Хитойда ишлаб чиқилган тиш ювиш пасталаридан воз кечган.

Ғарбликлар Хитойнинг энг яхши маҳсулотларини ўз бозорига қўйиб ҳам шунча ғавғо кўтараётган бир пайтда Марказий Осиë, жумладан, Ўзбекистон ўз бозорлари “дунё фабрика”сининг энг сифатсиз товарлари билан тўлиб-тошганига қарамай, ҳамон бу оқимга қарши турмоқчи эмасга ўхшайди.

Одамлар эса маҳсулотнинг сифати пастлигини била туриб, унинг нархи арзонлиги учун харид қилади.

“Ҳозир Ўзбекистон бозорлари Хитой молларига тўлиб кетган. Кўпчилик маҳсулотларнинг нархи арзонлиги учун харид қилиб олади. Энди бошқа яхши нарса бўлмаганидан кейин сотиб олишга мажбурда! Сифатли нарсалар бор-ку, ўта қиммат”,- дейди тошкентлик Дурдона.

Фарғоналик Абдуваҳоб фарзандлари йиғлаб-ëлворса ҳам Хитой молларини олиб бермаслигини айтар экан, аҳолида Хитой молларига талаб катталигини таъкидлади.

“Хитой маҳсулотлари арзон. Энди бу товарларни ким оляпти, улар лаборатория текширувидан ўтказиляптими, бунисини худо билади”, - дейди Абдуваҳоб.

Ўзбекистон расмийлари эса мамлакатга киритилаётган ҳар бир маҳсулот жиддий текширувдан ўтказилишини, талабга жавоб бермайдиганлари дарҳол йўқ қилиб ташланишини билдирмоқда.

“Ҳатто мусодара қилинган контрабанда товалари ҳам бизга олиб келинади, - дейди Ўзбекистон синов ва сертификатлаштириш маркази директори ўринбосари Алишер Ғуломов. - Биз уларнинг талабларга қанчалик жавоб беришини текшириб кўрамиз. Агар талабга жавоб бермаса, улар дарҳол йўқ қилинади. Лабораторияларимизда озиқ-овқат, техника, ҳатто ўйинчоқлар ҳам текшириб кўрилади”.
XS
SM
MD
LG