Линклар

logo-print

Тиллафуруш контрабандачилар ҳаёт оғирлигидан нолийди


Жамбил вилоятида Туркиядан олиб келинган 6 килограммдан ортиқ тилла буюмларни Қозоғистон орқали ноқонуний олиб ўтишга уринган ўзбекистонлик икки аёл ушланди.

Вилоят божхона назорати департаменти ходими Бауржон Хўжааҳмедовнинг айтишича, Тараз шаҳри аэропортига қўнган Истанбул-Тараз йўналишидаги самолётда келган йўловчиларнинг юкларини рентген аппаратидан ўтказиш чоғида ўзбекистонлик икки фуқаронинг сумкаси ҳамда оёк-кийимлари остида 6 килограммдан ортиқ олтин буюмлар борлиги аниқланган.

“Қўлга олинган аёллар Самарқанд шаҳридан бўлиб, Ойсара Тожиева 1949 йилда, Саидалиева эса 1946 йилда туғилган. Ёши катта бўлгани учун биз уларни қўйиб юбордик. Чунки жазодан қўрққан аёллар аэропортнинг ўзидаёқ ҳушини йўқотди. Улар Таразга қайтиб келиб, содир этган жиноятлари учун жарима тўлаши керак эди. Бироқ аёллардан хабар йўқ. Ҳозир Самарқанд шаҳри божхоначиларига бизга кўмак беришни сўраб хат жўнатдик”, - деди Б.Хўжааҳмедов.

Унинг сўзларига кўра, Истанбулдан олтин буюмларни ноқонуний олиб келаётган ўзбекистонлик аёллар жуда кўп. Аммо улар тилла буюмларни Туркиядан тўғридан-тўғри Ўзбекистонга олиб келишдан чўчийди.

“Қўлга олинган ўзбек аёлларининг айтишича, Тошкент божхонасидан контрабанда товарларни олиб ўтиш жуда қийин. Тошкент божхонаси йўловчиларни қаттиқ текширувдан ўтказар экан. Тожиева ва Саидалиевага ҳам танишлари Қозоғистонда божхонадан осон ўтиши ҳақида маслаҳат беришган”, - дейди Б.Хўжааҳмедов.

Божхона ходимининг билдиришича, Жамбил вилояти Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасига яқин жойлашгани сабабли деярли ҳар ҳафта ўзбекистонлик контрабандачилар қўлга олинади. Уларнинг кўпчилиги аёллар. Улар бу ишга қўл уришига Ўзбекистондаги ўта қийин иқтисодий вазият сабабчи эканини рўкач қилади.

“Қўлга тушган тиллафурушлар ҳам Самарқандда яшаш ўта қийинлигини айтди. Самарқандлик аёллар уйида сўзана тўқиб, кейин уларни Туркияда пуллар экан. Сўнг фойдасига тилла буюмлар сотиб олиб, Қозоғистон орқали Ўзбекистон олиб ўтишади. Тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, қўлга тушганларнинг аксарияти иқтисодий вазият қийинлигидан шикоят қилади. Биз уларга, айниқса, қўлга тушган ёши катта аёлларга раҳмимиз келгани боис, товарларини мусодара қилиб, ўзларини қўйиб юборамиз. Уларни ҳам тушунса бўлади”, - дейди Б.Хўжааҳмедов.

Лекин 6 килограмм тилла сотиб олишга кучи етганларнинг ҳаёт кечириш қийинлигидан нолиши бирмунча ғалати туюлади. Самарқандлик тиллафуруш аёлларнинг контрабанда товари эса 15 миллион тангадан ошиқроққа баҳоланди ва давлат фойдасига мусодара қилинди.
XS
SM
MD
LG