Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:38

Дубайда қулликда бўлганлар юртига қайтарилди


Жорий йилнинг тўрт ойи мобайнида Бирлашган Араб Амирликларида одам савдоси қурбони бўлган тожикистонлик 24 фуқаро – 19 хотин-қиз ва беш эркак ватанига қайтарилди.

“Дубай шаҳрида жинсий қулликка сотилган 19 қиз-жувон ва 5 эркак Тожикистон ҳукумати томонидан тузилган махсус комиссия кўмагида қайтарилди. Ҳозир мамлакат Бош прокуратураси мазкур иш юзасидан 12 та жиноят иши қўзғаган”, - деди “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Халқаро миграция ташкилоти ходими Феруз Сатторов.

Бироқ, маълум бўлишича, одам савдоси бўйича айбланганлар устидан қўзғатилган жиноят ишлари ниҳоясига етказилмаган.

“Чунки, - дейди Тожикистон Бош прокуратураси прокурори Файзали Давлатов, - Тожикистонда қабул қилинган “Авф тўғрисида”ги қонунга биноан одам савдоси билан шуғулланганликда гумон қилинган шахсларга нисбатан қўзғатилган жиноят ишлари ҳаракатдан тўхтатилди. Уларнинг барчасига амнистия эълон қилинди”.

Одам савдоси қурбони бўлаётган кишиларнинг деярли барчасига хорижда яхши даромадли иш ваъда қилинади. Бунга учганлар сўзсиз одам савдогарлари қўлига тушади.

БААдан ватанига қайтарилган қизлардан бири ҳам “Озодлик” билан суҳбатда ўзига Дубайдаги хусусий фабрикалардан бирида даромадли иш ваъда қилинганини билдирди.

“Иш ахтариб юрган кунларимнинг бирида ўртоғим Мунира келиб, Дубайда артелда иш борлигини айтди. Йўлга пулим йўқлигини айтсам, ҳаммасига ўзи пул топиб беришга ваъда қилди. Дубайга келганимдан сўнг ҳужжатларимни олиб қўйишди. Мен учун 6 минг доллар сарфланганини, уни 12 минг доллар қилиб қайтаришим кераклигини шарт қилиб қўйишди. Жуда қийналдим. Худога шукур, Тожикистондан борган комиссия мени ва бошқа қизларни қулликдан қутқарди”, - дейди одам савдоси қурбони бўлган суҳбатдош.

Кузатувчилар одам савдоси қурбонларининг бир қисми олдинда ўзларини нима кутиб турганини билган ҳолда бу қулликка рози бўлишини таъкидламоқда.

Мустақил кузатувчи Ҳуринисо Ғаффорзоданинг фикрича, иқтисодий ва сиёсий заиф ҳар қандай давлат фуқароларининг ҳуқуқлари бошқалар томонидан таҳдидда қолиши шак-шубҳасиздир.

“Тожикистон фуқароларининг 65 фоиздан ортиғи ўта оғир ижтимоий ва иқтисодий шароитда кун кечиради. Аёлларимиз, қизларимизнинг яхши яшаши учун ҳеч қандай шароит йўқ. Одам савдоси қурбони бўлганлар орасида ҳатто олий маълумотли аёлларни ҳам учратиш мумкин. Чунки мамлакатда доимий иш ўрни ва оила номукаммаллиги муаммолари мавжуд. Эри Россияга ишга кетиб қайтмаган аёллар ўзи мустақил тарзда оиласини боқиш ва фарзандларини оёққа қўйиш мақсадида шу йўлга киришга мажбурдир”, - дейди Ҳуринисо Ғаффорзода.
XS
SM
MD
LG