Линклар

Мўътабар Тожибоеванинг аҳволи янада оғирлашмоқда

  • Садриддин Ашур

Тошкентдаги аёллар қамоқхонасида жазо муддатини ўтаётган Мўътабар Тожибоеванинг аҳволи ёмонлашмоқда, дейилади “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” уюшмаси тарқатган хабарда.

Уюшма президенти Надежда Отаеванинг “Озодлик” радиосига айтишича, улар олган маълумотларга кўра, ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Тожибоевага қамоқхонада жуда қаттиқ муомала қилинаётир.

“Шу кунларда Мўътабарнинг аҳволи яна ёмонлашган, у бемор. Биз бунга оид барча ҳужжатларни БМТ ва ЕИнинг инсон ҳуқуқлари олий комиссарлигига юбордик. Ўзбекистон ҳукуматига ҳам мурожаат қилиб, М.Тожибоевага нисбатан босимларни тўхтатишга чақирдик”, - деди Н.Отаева.

М.Тожибоеванинг укаси Расулжон Тожибоев етти ойдан буён опаси билан учрашишга қамоқхона раҳбариятидан рухсат оломаётганини билдирди.

“9 январдан буён учрашувга рухсат беришмаяпти. Ўшанда опамнинг юраги билан буйраги оғриб турган эди. Дори-дармон ҳам қабул қилишмаяпти. Кеча борганимда қамоқхона бошлиғи яна учрашувга рухсат бермади. Унинг сўзларига кўра, учрашувга юқоридан ижозат йўқ эмиш. Балки оғир касал бўлгани учун ҳам уни кўрсатишдан чўчиб, учрашувга ижозат бермаётган бўлишлари мумкин”, - деди Р.Тожибоев.

У қамоқхонада маҳбусларга эътибор жуда ёмонлигини таъкидлаб, опасининг доим жазо изоляторига ташланишидан ташвиш билдирди.

“Энди доим жазо изоляторига ташлайверилгандан кейин соғ одамнинг ҳам соғлиғи ёмонлашади. Яқинда қамоқхонадаги бир ҳолатни кўриб эсим чиқиб кетди. Тез ёрдам машинасига икки бемор маҳбус эмаклаб чиқди. Энди изоляторда ётган одамнинг аҳволини ўзингиз тасаввур қилиб кўраверинг”, - дейди Р.Тожибоев.

Р.Тожибоевнинг билдиришича, у мамлакат президентига ва барча ташкилотларга мурожаат қилиб чиққан, лекин ҳеч қандай натижа бўлмаган.

Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари уюшмаси маълумотига кўра, М.Тожибоевага нисбатан қамоқхонадаги қаттиқ муносабат унинг соғлиғи ёмонлашувига сабаб бўляпти. М.Тожибоеванинг қамоқхонадаги ҳар бир ноқонуний ҳаракат учун ташқарига хабар беришга ҳаракат қилиши жазо изоляторига ташлаш билан жазоланади. У доимий руҳий босимга олинмоқда, қизи ва невараси тақдири билан таҳдид қилинмоқда.

“Шундай йўл билан расмийлар Мўътабарни фаол фуқаролик фаолиятидан қайтаришга уринмоқда”, - дейилади уюшма тарқатган хабарда.

Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари уюшмаси БМТ ва ЕИ инсон ҳуқуқлари олий комиссарлиги, Халқаро қизил хоч ва бошқа ташкилотларни зудлик билан М.Тожибоева тақдирига аралашишга чақиради.
XS
SM
MD
LG