Линклар

Жиззах тумани ҳокимлиги ходими ўзини осиб қўйди

  • Садриддин Ашур

Хабарларга қараганда, аҳолига ерни ноқонуний тақсимлаш ва бунинг эвазига катта пора олиш ҳолати бўйича бошланган сўроқ-суриштирувлардан кейин Жиззах тумани ҳокимлиги ходими Орзиқул Қураматов ўзини осиб қўйган.

Жиззахлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Маъмуржон Азимов “Озодлик” мухбири билан суҳбатда О.Қураматовни яхши таниганини, у очиқкўнгил йигит бўлганини билдирди.

“У туман ҳокими билан одамлар ўртасида кўпроқ воситачилик вазифасини бажарган. Асосан, аҳолига ер участкалари беришда кўп ишлар шу йигит зиммасида бўлган. 2004 йилда Жиззах туманининг ўша пайтдаги ҳокими Суннат Ўроқов қарори билан Абдуалимов номидаги хўжаликдан 14 гектар ер уй қуриш учун одамларга бўлиб берилган. Ер участкаси ажратиб берилган одамлардан бу йигит пул йиғиб олган. У билан бирга ишлаган одамларнинг айтишича, пулни у туман ҳокимига келтириб берган, балки бир қисмини ўзлари ҳам олишгандир”, - дейди М.Азимов.

Унинг сўзларига кўра, Жиззах вилояти ҳокими Убайдулла Яманқулов туман ҳокими қарорини бекор қилиб, ажратилган ерга пахта эктириб юборгандан сўнг алданиб қолган одамлар туман ва вилоят прокуратурасига мурожаат қилган.

“2007 май куни бирданига Жиззах тумани ҳокими ишдан олинади. Орадан икки кун ўтиб, 19 май куни О.Қураматов уйида ўзини осиб қўяди. Жуда сирли ўлим. Одамларнинг айтишича, бу ноқонуний ер сотишга туман ҳокимидан тортиб жуда кўпчилик аралашган. Лекин асосий айб О.Қураматовга қўйилган шекилли, у бунга маънан дош бера олмаган”, - дейди Маъмуржон Азимов.

Унинг таъкидлашича, тўрт фарзанднинг отаси, 46 ёшли О.Қураматов тобора коррупциялашиб бораётган жамиятнинг қурбони бўлди. Ҳокимларнинг ишларини бажариб юраётган Орзиқул сингари кичик ходимлар доим сиртмоққа тушаверади. Лекин ҳақиқий наҳанглар бу жамиятда доим тўрни йиртиб чиқиб кетаверади.
XS
SM
MD
LG