Линклар

logo-print

Қозоғистон мухолифати оқ атиргулли байроқ остида курашга киради


Қозоғистон Социал демократик партияси мамлакат парламенти қуйи палатасига бўлиб ўтиши кутилаётган сайловолди кампаниясида “Адолат йўли билан яхши ҳаёт сари” шиори остида иштирок этишини маълум қилди.

Шунингдек, партия куни-кеча бўлиб ўтган қурултойида ўзининг янги байроғини ҳам тасдиқлади. Байроқда ҳаворанг фонда оқ атиргул тасвири бор.

Кузатувчилар оқ атиргул мухолифат сайловда мағлубиятга учраган тақдирда тинч инқилоб рамзи бўлиши мумкинлигини тахмин қилаётган бир пайтда мухолифат етакчиларидан бири Тўлеген Жўкеев бу фикрларни рад этди.

“Мен рангли инқилоблар билан боғлиқ барча муқоясаларни четлаб ўтишни хоҳлардим. Қозоғистондаги парламент сайлови қанчалик адолатсиз ўтишидан қатъи назар, мухолифат инқилоб қилиш ниятидан йироқ”, - деди Т.Жўкеев.

МДҲ ҳудудидаги рангли инқилоблар айнан сайловлар баҳона бошлангани маълум бўлса-да, Қозоғистон мухолифати улар танлаган оқ атиргул дунё социал демократларининг тинчлик рамзи эканини таъкидламоқда.

“Социнтерн” халқаро ташкилоти таркибига 140 давлатнинг сиёсий партиялари бор. Бизнинг партия ҳам унга аъзо бўлиш учун ариза берди. Бу ташкилот ҳамда дунё миқёсида атиргул социал демократиянинг тинчлик рамзи ҳисобланади. Биз ҳаворанг фонида оқ атиргулни танладик. Бу социал демократиянинг классик рамзи”, - дейди мухолифатчи Амиржон Қосанов.

Тўлеген Жўкеев эса социал демократлар сайловолди кампанияси даврида аҳолини хавотирга солиб келаётган асосий муаммоларга эътибор қаратишини билдирди.

“Масалан, мамлакатда нарх-наво доимий ўсиб бораётгани, у назоратдан чиқиб кетгани масаласи диққат-марказимизда бўлади. Шунингдек, муҳтож қатлам даромади ўта секин – 3-5 фоиз ўсаётган бир пайтда бойлар даромади тез суръатлар билан ўсиб бораётгани муаммоси, кун сайин авжига чиқиб бораётган коррупцияга қарши кураш ҳам дастуримизга киритилган”, - деди Т.Жўкеев.

Қозоғистон мухолифати дастурининг сиёсий блокида мамлакатда мавжуд шахсий ҳукумат тизимини йўқотиб, парламент-президент республикасини ташкил этиш мақсади акс этган. Иқтисодий-ижтимоий йўналишда эса мухолифат пенсияни ошириш, пенсия ёшини камайтириш, минимал иш ҳақини 20-30 минг тангагача кўтариш, миллий бойликлар экспортидан келаётган даромадни тенг тақсимлаш кабиларни ваъда қилмоқда.

Тўлеген Жўкеев қозоғистонликлар мухолифатни қўллаб-қувватлашига катта умид боғлаётир.

“Биз реал сайловчиларнинг 55-60 фоизи ҳукумат сиёсатига қарши эканига аминмиз. Бунинг сабаблари кўп. Қозоғистонда ҳаёт кечириш моддий жиҳатдан ўта қийинлашиб бораётгани, коррупциянинг кун сайин авжига чиқаётгани, одамларнинг эртанги кунга ишончсизлигини кўряпмиз. Ҳукумат сайловнинг адолатли ўтишига имкон берса, кўп овоз бизга тегишли бўлади. Биз сайлов адолатли ўтган тақдирдагина унинг натижасини қабул қилишга тайёрмиз”, - деди Т.Жўкеев.

Аммо мухолифатчилар ичида ҳам сайловда айнан мухолифат ғалаба қозонишига ишончсизлик билан қараётганлар бор.

Социал демократик партия аъзоси Жасарал Қувониали сўзларига кўра, сайлов натижаси қандай бўлиши ҳозирданоқ маълум. Президент Нурсултон Назарбоев очиқдан-очиқ парламент сайловида ҳукумат партияси бўлмиш “Нур Отан” энг кўп овоз олишини билдирди. Демак, бўлажак парламентда назорат айнан “Нур Отан”га тегишли бўлади.

Қозоғистон парламентининг қуйи палатаси – Мажлисга сайлов 18 август куни ўтказилади. Мухолифат сайлов адолатсиз ўтган тақдирда уни бойкот қилиши мумкинлигини билдирган.
XS
SM
MD
LG