Линклар

Жорж Буш республикачиларнинг қўллаб-қувватлашини йўқотмоқда

  • Ҳасанжон

Сўнгги ҳафталар ичида АҚШ президенти Жорж Буш Ироқдаги уруш стратегияси масаласида Конгрессдаги тарафдорларининг қўллаб-қувватлашидан аста-секин маҳрум бўлиб бормоқда.

АҚШ Мустақиллик байрами муносабати билан Ғарбий Виржиния штатида 4 июль кунги чиқишида Жорж Буш: “Ироқдаги уруш қанчалар оғир бўлмасин, биз ғалаба қозонишимиз шарт. Биз фуқароларимиз хавфсизлигини таъминлаш, қўшинларимизни ва Ироқ ҳукуматини қўллаб-қувватлаш ва Ироқдаги “Ал-Қоида”ни мағлубиятга учратиш учун шундай қилишимиз керак”, – дея баёнот берган эди.

Бироқ давлат раҳбарининг бу баёноти Нью-Мексико штатилик республикачи сенатор Пит Доменучини ишонтира олмаган кўринади. 5 июль куни штат пойтахти Албукеркида ўтказилган матбуот анжуманида у АҚШ “Ироқ ҳукумати кучлари кўпроқ иш қилишига қаратилган янги стратегия ишлаб чиқиши зарур”лигини таъкидлади.

Пит Доменучи республикачи ва демократлар вакилларидан иборат Ироқ бўйича махсус комиссия тавсиялари Конгресс томонидан қабул қилинишини хоҳлашини билдирди. Бу комиссия ишлаб чиққан тавсияларда АҚШ қўшинларини 2008 йил мартига қадар Ироқдан олиб чиқиш ҳам бор.

Пит Доменучи Жорж Бушнинг уруш сиёсатини қаттиқ туриб қўллаб-қувватлаб келаётганлардан бири эди. Аммо энди у бу стратегия ўзини оқлашига ишонмаяпти.

“Ироқ ҳукумати ироқликлар манфаатлари ёки ҳеч бўлмаса, ўзини ҳимоя қилишида бир оз бўлса ҳам муваффақиятга эришмагунча, мен ҳозирги стратегияни давом эттириш тарафдори эмасман”, - деди сенатор.

Пит Доменучи охирги 10 кун ичида Жорж Бушнинг Ироқда юритаётган ҳозирги сиёсатига қарши чиққан тўртинчи республикачи сенатор бўлди.

25 июнь куни ташқи сиёсат бўйича кўп йиллик бой тажрибага эга бўлган таниқли республикачи сенатор Ричард Лугар президентни Американинг Ироқдаги қўшинлари сонини камайтириб, дипломатик уринишларни кучайтиришга чақирган эди.

Республикачи сенатор Жорж Войнович ҳам АҚШнинг Ироқдаги қўшинларини босқичма-босқич олиб чиқиш таклифини қўллаб-қувватлашини билдирганди.

Республикачи сенатор Жон Уорнер эса Жорж Бушни Ироқда юритаётган сиёсатини ўзгартиришга даъват қилиб келаётган эди.

Конгресснинг аксарият республикачи аъзолари Жорж Буш ўз стратегиясини давом эттириши учун қаршилик қилмаслик кераклигини айтиб келмоқда. Пит Доменучи ҳам қўшинларни Ироқдан дарҳол олиб чиқиш ёки уруш учун ажратилаётган маблағни бирдан тўхтатиб қўйиш тарафдори эмаслигини таъкидлади.

Демократик партия аъзолари давлат раҳбарининг стратегиясини ўзгартиришга уринмоқда. Аммо кузатувчилар демократлар бу ниятини амалга оширишнинг уддасидан чиқа олиши эҳтимолдан йироқ эканини айтаётир.

Таҳлилчилар фикрича, Жорж Буш Конгресс аъзолари билан баҳсда ютиб чиқиши мумкин, бироқ у Конгрессдаги ўз партияси аъзоларининг қўллаб-қувватлашини йўқотаётганидан хурсанд эмас.
XS
SM
MD
LG