Линклар

Исломобод шаҳридаги вазият кескинлигича қолмоқда.


Пойтахтдаги Қизил масжидга ўрнашиб олган радикал қарашдаги талабалар ва ҳукумат кучлари ўртасида давом этаётган тўқнашувларда хавфсизлик кучлари генерали ҳалок бўлди.

“Махсус кучлар генерали тун бўйи давом этган отишмаларда жиддий тан жароҳати олди. У шифохонада оламдан ўтди. Ториқ исмли яна бир генерал оғир жароҳатланди”, - деди “Озодлик” радиосига Покистон армияси матбуот котиби генерал Воҳид Аршод.

Хабарларга кўра, хавфсизлик кучлари масжидда мажбуран ушлаб турилган аёллар ва болаларни озод этишга уринган пайтда отишмалар рўй берган.

Покистон Ахборот вазирлиги расмийси Ториқ Азим Хоннинг айтишича, хавфсизлик кучлари амалдори ўлдирилган сўнг ҳукумат радикал талабаларга қарши стратегиясини қайта кўриб чиқади.

Куни-кеча мамлакат президенти Парвез Мушарраф масжиддаги талабалар ўз қуролини топшириб, таслим бўлмаса, улар куч билан зарарсизлантирилиши ҳақида огоҳлантирган эди.

Покистон матбуоти масжидда беркиниб олган талабалар етакчиси Абдул Рашид Ғозининг интервьюсини ҳам чоп этди. Унда Абдул Рашид Ғози Қизил масжид ичкарисига беркиниб олганларнинг шаҳид бўлиши мамлакатда инқилобга олиб келишига умид билдирган.
XS
SM
MD
LG