Линклар

Қозоғистон уйғурларга бошпана бермаётганига Хитой айбдор...ми?


Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Шинжон-Уйғур мухтор туманидан Қозоғистонга келган айрим уйғурлар ўз юрти Хитойга яширинча экстрадиция қилиб юборилаётганини танқид қилмоқда.

Хитой ҳукумати ўз миллати тақдири учун курашаётган уйғурга қарши кескин курашиб келади. Юртида ҳаёти хавф остига қолган айрим уйғурлар Қозоғистондан ҳам бошпана топмоқда. Лекин бугунги кунда Қозоғистон ҳам улар учун хавфсиз мамлакат бўлмай қолди.

Олмаотадаги уйғурлар миллий уюшмаси раҳбари Тамара Маметованинг айтишича, Хитойдаги уйғурлар ўз ҳуқуқлари учун курашмоқда. Улар масжидга бемалол боришни, фарзандлари она тилида ўқишини истайди. Шунингдек, Хитой ҳукумати уйғур оиласида иккитадан ортиқ фарзанд бўлишини тақиқлаб қўйган. Уйғур аёллари 2 тадан кўп туғмаслиги учун хитойлик шифокорлар уларнинг бачадон йўлларини буткул тикиб ташлаш ҳоллари ҳам бўлган.

Қозоғистон хитойлик уйғурларга бошпана бермайди. У фақатгина этник уйғурларнинг учинчи давлатдан бошпана топишига кўмаклашади. Аммо Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси хитойлик ҳамкасбларига мамлакат ҳудудида бўлган этник уйғурларни овлашга кўмак бераётгани маълум бўлмоқда.

Ўтган йили БМТ қочқинлар идорасининг Олмаотадаги ваколатхонасига бошпана сўраб мурожаат этган икки уйғур бедарак йўқолди. Кейинчалик улар яширинча Хитойга бериб юборилгани аниқланди.

Т.Маметова бу уйғурларнинг хотинлари унга мурожаат қилганини билдирди.

“Аёлларнинг бири хитойлик қозоқ, иккинчи маҳаллий уйғурлардан бўлиб, уларнинг эрлари Хитойда айирмачиликда айблангандан сўнг Қозоғистонга қочишга мажбур бўлган уйғурлар экан. Бу эркаклар қалбаки қозоқ паспорти билан юрганликда айбланиб Олмаота ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан ушлаб кетилган. Эркаклар ИИБ изоляторида бўлган пайтида БМТ қочқинлар идорасининг Олмаотадаги ваколатхонасига бошпана сўраб хат ёзган ва аёллари уни элтиб берган. Шундан сўнг аёлларга нотаниш киши қўнғироқ қилиб, агар хатларни қайтариб олмаса, эрлари ўлдирилиши билан таҳдид қилган. Аёллар хатни қайтариб олишга мажбур бўлган. Шундан сўнг Хитой миллий хавфсизлик идораси ходимлари эрларини яширин тарзда Қозоғистондан олиб кетган. ИИБ ходимлари эса аёлларга эрлари ўз хоҳиши билан Хитойга қайтиб кетганини билдирган. Албатта, бунга ишониб бўлмайди”, - деди Тамара Маметова.

Қозоғистон қочқинлар ҳақидаги ва қийноқларга қарши халқаро конвенцияларга қўшилган. Аммо қочқинлар ўз юртида қийноққа учраши хавфи бўлса-да, Қозоғистон кўп ҳолларда уларни мамлакатига экстрадиция қилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари халқаро ташкилотининг Олмаота бюроси раҳбари Евгений Жовтис юртига экстрадиция қилинганлар орасида хитойлик уйғурлар сони ҳам кам эмаслигини таъкидлади.

“Қозоғистон Хитой билан ораси бузилишини истамай, сиёсий нуқтаи назардан уйғурларга бошпана бермаётир. Хитой қудратли давлат. Қозоғистонга эса у билан муносабатларни бузиш манфаат келтирмайди”, - дейди Евгений Жовтис.
XS
SM
MD
LG