Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:10

НАТО Қора денгизда ҳарбий машқлар ўтказмоқда


Қора денгизнинг Украинага тегишли ҳудудида НАТОга аъзо давлатлар ва ушбу мамлакат ҳарбийларнинг ўқув машғулотлари бошланди. Унда 13 давлат вакиллари иштирок этмоқда.

“Си Бриз” номини олган бу машқлар Украинадаги баъзи кучлар учун салбий эътибор объектига айланди. Улар хорижий ҳарбийлар мамлакат ҳудудига киришига норозилик билдирмоқда. Шу сабабли хорижлик ҳарбийлар хавфсизлигини таъминлаш учун уларга милиция ҳамроҳлик қилаётир.

Ўтган йили ҳам бир гуруҳ коммунистлар ва президент Виктор Юшченко мухолифлари Украина ҳудудида хорижий ҳарбийлар ҳозирлигига қарши норозилик намойиши ўтказгандан сўнг бу машқлар бекор қилинган эди.

Бу йил эса мазкур ўқув машғулотларининг ҳеч қандай қаршиликсиз ўтиши учун вазиятни Виктор Юшченконинг ўзи назорат қилмоқда.

В.Юшченконинг сиëсий рақиби, бош вазир Виктор Янукович ҳам мазкур манëврлар ўтказилишини қўллаб-қувватлаб, улар Қора денгиз ҳудуди хавфсизлиги ва аксилтеррор урушда ëрдам беришини билдирди.

Украина мудофаа вазири Анатолий Гриценко “Озодлик” мухбири билан суҳбатда норозилик намойишлари бу сафарги ҳарбий машқларга халақит бера олмаслигини таъкидлади.

“Бу машғулотларни ўтказиш ҳукумат ва парламент томонидан маъқулланган. Бу кампания мамлакат армияси манфаати йўлида ўтказилмоқда. Бу машқлардан норози бўлишга фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқи бор. Аммо ҳеч кимнинг уларни бузишга ҳаққи йўқ. Агар кимдир шундай қилса, қонунга қарши ҳаракат қилган ҳисобланади”, - деди мудофа вазири.

Россиядаги “Новая газета”нинг ҳарбий масалалар бўйича таҳлилчиси Павел Фелгенгауэр ўтган йилгидан фарқли ўлароқ, В.Янукович машғулотлар ўтказилишига сиëсий тус бериш тарафдори эмаслигини айтди.

“В.Янукович Ғарбга ўзини дўст ва масъулиятли қилиб кўрсатмоқчи. Ўтган йили ҳукуматни ким назорат қилиши борасида баҳс бораётган эди. Ҳозир эса ички вазият бироз ўзгарган”, - деди таҳлилчи.

Украинадаги радикал мухолифат машғулотларга қарши норозилик намойишлари ўтказмоқчи. Ўзини “АксилНАТО мудофаа қўмитаси”, деб номлаётган гуруҳ минглаб одам кўчаларга чиқишини билдирди.

“Мухолифат ҳозир қаттиқ ғазабда. Аммо коммунистлар ҳам, москвапараст кучлар ҳам бу сафар В.Янукович фракцияси томонидан қўллаб-қувватланмайди”, - деди П.Фелгенгауэр.

“Си Бриз” машғулотлари 9 июлдан 22 июлгача давом этади.
XS
SM
MD
LG