Линклар

Ўзбекистон ШҲТ доирасидаги иқтисодий ҳамкорликни қўллайди


9 июль куни Бишкекда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда 16 август куни Бишкекда ўтадиган ШҲТ саммити кун тартиби муҳокама этилди.

Қирғизистон ташқи ишлар вазири Эднан Қорабоевнинг билдиришича, ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари учрашувида ШҲТ саммити пайтида давлат раҳбарлари томонидан имзоланиши кутилаётган муҳим ҳужжатлар юзасидан фикр алмашилган.

“Саммитда давлат раҳбарлари томонидан имзоланиши кутилаётган энг муҳим ҳужжат абадий яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномадир”, - деди Эднан Қорабоев.

Вазирларнинг таъкидлашича, бу ҳужжатнинг имзоланиши ШҲТнинг кенг тармоқли ва нуфузли ташкилотга айланиб бораётгани далили бўлиб хизмат қилади. Негаки, ташкилот энди ташкил этилганида хавфсизлик, чегараларни аниқлаш ва террорчиликка қарши кураш масалаларини ҳамкорликда ҳал этиш вазифасини олдига қўйган бўлса, айни пайтда иқтисодий масалаларни ҳам қамраб олмоқда.

Қозоғистон ташқи ишлар вазири Марат Тажин айни пайтда ШҲТ томонидан Марказий Осиё давлатларида юздан ортиқ иқтисодий лойиҳа амалга оширилаётгани, ташкилотга аъзо давлатлар савдо айланмаси эса йилига 50 миллиард долларни ташкил этаётганини билдирди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов ҳам ШҲТ ўз мамлакати учун муҳим иқтисодий ҳамкорга айланиб бораётганини таъкидлар экан: “Биргина ўтган йили Ўзбекистоннинг ШҲТга аъзо давлатлар билан савдо айланмаси 38 фоиз ортди ва Ўзбекистон ташқи савдо айланмасининг 48,9 фоизини ташкил этмоқда. Биз бу ташкилотда иқтисодий ҳамкорликнинг ривожланишини қўллаймиз. Чунки хавфсизлик, энг аввало, иқтисодий қудратга боғлиқдир”, - деди.

Қирғизистонлик сиёсатшунос Бақит Бешимов ташкилотнинг ўзаро иқтисодий ҳамкорликдаги ролига шубҳа билан қарайди.

“Иқтисодий ҳамкорликка ўтиш ҳақидаги баёнотлар фақат қуруқ гап. Айни пайтда иқтисодий муомалалар давлатлараро даражада олиб борилмоқда. Ташкилотнинг бу борада нуфузи катта эмас. Ташкилотнинг асосий вазифаси хавфсизлик масаласидир. Бу соҳадаги вазият эса ҳақиқатан ҳам анча ташвишли”, - деди Бақит Бешимов.

Сиёсатшунос фикрича, ШҲТ учун хавфсизлик борасидаги энг ташвишли ҳудуд Афғонистондир.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳам ШҲТ Афғонистон муаммосига катта эътибор қаратаётганини, шунинг учун бу давлат вакиллари ташкилотнинг барча йиғинларига таклиф қилинаётганини билдирди.

Бишкекда ўтган матбуот анжуманида С.Лавров ШҲТ ташқи ишлар вазирлари йиғилишида АҚШнинг Шарқий Европада ракетадан мудофаа тизими қуриш режаси махсус муҳокама қилинмаганини, лекин бу масалада дунёнинг кўпчилик давлатлари манфаатлари ҳисобга олиниши зарурлигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG