Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:02

Хоразмда амалдорлар бирин-кетин панжара ортига кетмоқда


Хоразм вилояти жиноят ишлари судида вилоятда катта нуфузга эга давлат амалдорлари устидан 2 июлдан буён давом этаётган суд жараёни катта шов-шувларга сабаб бўлмоқда.

Кўп йиллар давомида “Хоразмавтойўл” йўл қурилиши ҳудудий шўъба корхонаси ва магистрал йўллар бошқармаси бошлиғи, яъни ҳам буюртмачи, ҳам пудратчи ташкилотларнинг ягона раҳбари лавозимида ишлаб келган Хоразм вилояти халқ депутатлари кенгаши депутати Валерий Полвонов бошчилигидаги 15 айбланувчи “қора курси”да ўтирибди.

Судланаётганлар “Хоразмавтойўл” магистрал йўллар бошқармаси ходимлари Раматжон Саидов, Иброҳим Шихов, Ўринбой Ҳаитбоев, Бахтиёр Рўзметов, “Хоразмавтойўл” йўл қурилиш ҳудудий шўъба корхонаси ходимлари Илҳом Жуманиёзов, Рўзибой Султонов, Отабек Машарипов, Рустам Самандаров, Ўктам Юсупов, “Меридиан-Ф” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Фарҳод Раҳимов, Ўзбекистон Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси дирекцияси директори Турсунбой Ваҳобов, мазкур жамғарманинг маблағлардан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси бошлиғи Бердиёр Бойқунусов, “Тимур” фермер хўжалиги раҳбари Темур Полвонов, “Йўлқурилишсервис” масъулияти чекланган жамияти раиси Шараф Полвоновдир. Темур Полвонов ва Шараф Полвонов Валерий Полвоновнинг фарзандларидир.

Кўрилаётган ишнинг кўлами кенглиги, унда жуда кўп гувоҳлар қатнашиши эътиборга олиниб, суд биноси ва унинг атрофида кучайтирилган хавфсизлик чоралари кўрилган.

Судда В.Полвонов мансабини суиистеъмол қилишда, давлат идоралари ва хусусий корхоналар ходимларидан иборат уюшган жиноий гуруҳ тузиб, унга раҳбарлик қилганликда, талон-тарож, бюджет маблағларини ўзлаштириш ҳамда бошқа оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этишда айланмоқда. Унга Жиноят кодексининг иқтисодий жиноятларга оид жами 14 моддаси бўйича айблов эълон қилинган.

Айблов хулосасида В.Полвонов ва унинг шериклари бир неча миллиард сўмлик давлат ва ўзгалар мулкини хусусий корхоналар орқали ўзлаштириб юборгани таъкидланади.

Суд жараёни қанча давом этиши ҳозирча номаълум.

Хоразмда бу мансабдорлар устидан ўтказилаётган биринчи суд эмас. Бундан аввалроқ “Ўзтрансгаз” акциядорлик компанияси бош директори ўринбосари, “Урганчтрансгаз” шўъба корхонаси директори Зуфар Ботиров, Хоразм вилояти ҳокимининг ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган Маткарим Шарипов, Хоразм вилояти ҳокимлиги “Ягона буюртмачи инжиниринг компанияси” директори Раҳимбой Йўлдошев ва уларнинг қўл остида ишлаганлар бирин-кетин суд қилиниб, турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган эди.

Валерий Полвонов Хоразмда суд қилинаётган номдор мансабдорларнинг тўртинчисидир. Халқ орасида “Худди разбор” лақаби билан танилган Худойберган Навфуллаев устидан суд жараёни ҳам яқин кунлар ичида бошланиши кутиляпти.

Ишончли манбалардан олинган маълумотга кўра, яқинда яна бир катта амалдор - Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари Ботир Раҳимов устидан ҳам жиноят иши қўзғатилган.

Бу суд жараёнлари тўғрисида халқ орасида турли гап-сўзлар юрибди. Кимдир мансабдорларнинг таноби тортиб қўйилаётганини маъқулласа, айримлар бундан оддий халққа нима наф, деган фикрларни билдиряпти.

Шунингдек, уларга иш берган вилоят ҳокими нега эътибордан четда қолаётганидан ҳам кўпчилик ажабланмоқда.
XS
SM
MD
LG