Линклар

Банк-мижоз муаммосими ёки...

  • Озодлик

Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги иқтисодий муносабатларда жиддий муаммолар бор кўринади. “Ўзметроном” сайтида эълон қилинган ҳужжатли мақола мазмуни айнан шундай хулосага етаклайди.

Мақолада Россиянинг Тошкентдаги элчихонаси Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига йўллаган мактубдан парча келтирилган. Бу мактубда икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқаларнинг ижобий даражада эканини шубҳа остига оладиган далиллар мавжуд.

Элчихона мактубида Ташқи ишлар вазирлигидан Ўзбекистонда фаолият юритаётган Россия ширкатларининг миллий валюта конвертацияси билан боғлиқ муаммосига Молия вазирлиги ва Марказий банк эътиборини қаратиш сўралган.

“Ўзметроном” сайти бош муҳаррири Сергей Ежковнинг “Озодлик”ка айтишича, гарчи Ўзбекистон Россия билан алоқаларини ривожлантириш истагида эканини таъкидлаб келса-да, аслида бу истак амалга ошиши учун ҳеч қандай ҳаракат қилмайди.

“Ўзметроном”нинг ёзишича, мактубга Россиянинг Ўзбекистондаги савдо ваколатхонасига мурожаат этган тўққизта ширкат рўйхати илова қилинган.

Масалан, ABN AMRO Bank мижози бўлган “Аэрофлот” компаниясининг Ўзбекистонда ваколатхонаси 2 миллиард 200 миллион ўзбек сўмини уч ойдан буëн конвертация қила олмаган.

“Ульянов автомобил заводи” очиқ акциядорлик жамияти эса етказиб берилган маҳсулотлар ҳақини узиш учун Ўзбекистон корхоналарига 1 миллион 155 минг 226 долларни конвертация қилишга кўмаклашишни сўраган.

“Аэрофлот”нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори ўринбосари Вячеслав Акулов “Озодлик” мухбири билан суҳбатда мактуб ҳақида ҳам, унда тилга олинган муаммолар ҳақида ҳам ҳеч нарса эшитмаганини билдирди.

Россиянинг Ўзбекистондаги савдо ваколатхонаси вакили эса бу борада ҳеч қандай маъмулот бермаслигини айтиб, изоҳ учун элчихона билан боғланишни маслаҳат бериш билан кифояланди.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Дмитрий Поваров “Озодлик” билан суҳбатда Россия компанияларининг мактубда келтирилган суммаларни конвертация қила олмаëтгани ҳақидаги иддаоси кулгили экани, чунки унда гап катта сумма ҳақида кетмаётганини таъкидлади.

“Тўғри, конвертация билан боғлиқ муаммолар мавжуд. Аммо бу фақат россиялик сармоядорлар билан боғлиқ эмас. Бу мижозларнинг банк билан муносабатларига боғлиқ. Масалан, банклардан бири нафақат Россия, балки бошқа давлатлар компанияларининг пулларини конвертация қилишни кечиктираётганидан хабарим бор. Аммо бунинг учун бутун бир тизимни айблаш нотўғри. Дейлик, “Вимпелком” ширкати раҳбарлари журналистлар билан учрашганда ҳеч нарсадан шикоят қилмайди. Шунинг учун банклар билан боғлиқ муаммони бўрттириб, буни Ўзбекистон-Россия муносабатлари аслида овоза қилинаётганидек яхши эмас, деган фикрга бориш нотўғридир”, - деди Дмитрий Поваров.
XS
SM
MD
LG