Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:24

Қирғизистондаги нодавлат ташкилотлар илк миллий форумга тўпланди


Қирғизистондаги нодавлат ташкилотлар вакиллари биринчи миллий форумга тўпланди. Форумда иштирок этган ҳукумат амалдорлари нодавлат ташкилотлар сиёсатга фаол аралашаётганини танқид қилди.

Расмий маъмулотларга кўра, Қирғизистонда 35 мингга яқин нодавлат ташкилот бор. Улар ҳукумат юритаётган сиёсатга жуда катта таъсир ўтказиш салоҳиятига эга. Миллий форумда ҳам айнан нодавлат ташкилотларнинг сиёсатдаги иштироки масаласи муҳокама қилинди.

“Халқаро толерантлик учун” нодавлат ташкилоти раиси Рая Қодирова ҳукумат вакиллари танқидига қисман қўшилади.

“Биз сўзсиз тарзда сиёсатга аралашамиз. Бироқ сиёсатнинг икки тарафи бор. Нодавлат ташкилотлар сиёсий қарорлар қабул қилинишида фаол иштирок этмоғи лозим. Аммо сиёсатнинг иккинчи жиҳати бўлган ҳокимият учун кураш жараёнига аралашмаслигимиз керак”, - деди Рая Қодирова.

Бироқ ҳукумат вакиллари нодавлат ташкилотлар ҳокимият учун кураш жараёнига ҳам аралаша бошлаганини даъво қилмоқда. Масалан, айрим нодавлат ташкилотлар президент ва бош вазир истеъфоси талаби билан чиқа бошлади. Қирғизистон президенти ҳузуридаги инсон ҳуқуқлари комиссияси раиси Турсунбек Акун бу ҳолат нодавлат ташкилотлар этикасининг қўпол тарзда бузилиши эканини таъкидлади.

“Хориж маблағи, гранти асосида фаолият кўрсатаётган нодавлат ташкилотларнинг президент ва бош вазир истеъфоси талаби билан чиқиши хорижий давлатларнинг шу ташкилотлар орқали Қирғизистоннинг ички ишига аралашуви сифатида талқин қилиниши мумкин”, - деди Т.Акун.

Форум иштирокчилари 2005-2006 йилларда ҳукумат режалаштирилган ислоҳотлар кўнгилдагидай амалга оширилмаганини қайд этди.

“Демократия ва фуқаролик жамияти учун” нодавлат ташкилотлар бирлашмаси раҳбари Эдил Байсалов таъкидича, нодавлат ташкилотлар фаолиятида муросасозлик анъанаси пайдо бўлаётгани учун ҳам шундай вазият юзага келган.

“Ислоҳотларнинг амалга оширилиши суст кетаётганида ҳокимиятни айбласак ҳам бўлади, айблаяпмиз ҳам. Бироқ, фикримча, фуқаролик жамиятининг фаоллиги сустлашиб қолгани учун ҳам ислоҳотларни амалга ошириш кечикмоқда. Фуқаролик жамияти ҳокимият назоратчисидир ва биз фаолиятимизни сустлаштиришга асло ҳақли эмасмиз”, - деди Э.Байсалов.

“Ер ҳайдовчи” нодавлат ташкилоти раҳбари Қочқин Бўлатов мамлакатда 35 мингга яқин нодавлат ташкилот борлигини, аммо улар тарқоқ эканини билдирди.

“Форумнинг асосий мақсади тарқоқ нодавлат ташкилотлари ўртасида бир иттифоқни пайдо қилишдир”, -деди Қочқин Бўлатов.
XS
SM
MD
LG