Линклар

Фуқаролар урушининг яна бир даҳшати

  • Гулнора Равшан

Тожикистонда фуқаролар уруши чоғида қатл этилган бегуноҳ кишиларнинг оммавий қабри аниқланди. Бу умумий қабр Галаботир қишлоғилик 9 ёшдан 90 ёшгача бўлган 185 кишининг сўнгги манзилидир.

Тожикистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош Охунбобо, ҳозирги Галаботир қишлоғида тахминан 400 хўжалик бор. Қишлоқни Турсунзода тумани марказига ўтувчи катта йўл иккига ажратиб туради. Йўлнинг у юзида тожикистонлик ўзбеклар, бу юзида эса тожиклар яшайди. Қишлоқдан 100 метрча узоқроқдаги очиқ майдонда қатлиом қурбони бўлган 185 та эркак кишининг умумий қабри кўзга ташланади.

“1992 йил 9 декабрида юз берган мудҳиш воқеа ҳали-ҳали ёдимизда, - дея ҳикоя қилади 68 ёшли Сайноз Маҳмадова. - Қишлоқни қуролли гуруҳ қуршаб олди. Мажлис ўтказиш баҳонасида аҳолини масжидга тўплади. Сўнг аёллару болаларнинг устидан солярка сепиб ёқиб юбормоқчи бўлишди. Кейин ниятларидан қайтиб, эрларимиз ва болаларимизни икки юк машинасига тиқиб, номаълум томонга олиб кетди”.

Олиб кетилганлар орасида С.Маҳмадованинг тўртала ўғли, эри ва 9 ёшли невараси ҳам бўлган.

С.Маҳмадова қуролли шахслар кимлиги ва нима сабабдан шундай қилганини билмайди. Аммо ўша пайтда аҳоли мол-мулкини талон-тарож қиладиган бундай гуруҳлар кўп бўлганини эслайди.

Рупия Маҳмадованинг ҳам оммавий қабрда турмуш ўртоғи билан уч ўғли кўмилган.

“Ўша даҳшатли воқеадан бир неча кун илгари қишлоғимизнинг аксарият эркаклари ва вояга етган қизлар қўшни Ўзбекистонга қочиб яширинган эди. Аммо тожикларнинг ўзаро низосига ҳеч қандай алоқаси бўлмаган кишилар ўзларига ҳеч ким таҳдид қилмаслигига ишониб, уйларида қолган. Масжидда тўпланиб, машиналарда олиб кетилган эркакларга нима бўлганини узоқ вақт ҳеч ким билмади. Қиш чиқиб баҳор келгач, қишлоғимиз четидаги текисланган катта майдон ўз-ўзидан ёрилиб, қон булоғи оқа бошлади. Ўшанда яқинларимизни кийимларидан танидик. Аммо уларни алоҳида дафн қилишга кўпчилик қарши чиққани учун қабр умумийлигича қолдирилди”, - деди Рупия Маҳмадова.

Қишлоқ оқсоқоли 80 ёшли Амириддин Аҳмадовнинг фарзандлари ҳам ўша даҳшатли фожеа қурбонлари бўлган. Оқсоқолнинг ўша воқеада Ўзбекистонга қочиб омон қолган ўғли Қурбонали мамлакатда тинчлик ўрнатилган кейин қатлиомда қатнашганлар номини ҳуқуқ-тартибот органларига ёзиб берган.

“Пахтаободлик Сувон Ҳасанов тергов чоғида барча гуноҳларини бўйнига олди ва ўша қабр галаботирлик 185 кишининг умумий қабри эканини тасдиқлади. Суд ҳукми билан С.Ҳасанов 2006 йилда 15 йилга озодликдан маҳрум этилди”, - деди Қурбонали.

Тожикистондаги ички низолар чоғида ўз манфатлари йўлида одам ўлдирган, фуқаролар мол-мулкини талон-тарож қилган жиноий гуруҳларнинг қора қилмишлари ҳозирга қадар ошкор этилмай қолаётганидан қишлоқ аҳолиси норози.

Турсунзода тумани прокурори Искандаршоҳ Мирзоевнинг билдиришича, ўша воқеаларда бевосита қатнашган кишиларга тааллуқли 150 та ниҳоясига етмай қолган жиноят иши мавжуд.

Улар жиноий жавобгарликка тортилмай қолишига сабаб эса, деди прокурор, айни пайтда бу жиноятчиларнинг айримлари қўшни Ўзбекистонга қочиб кетгани, қолганлари Россияда, яна бир гуруҳи эса ўлиб кетганидир.
XS
SM
MD
LG