Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:26

Олмаотада ОИТВга чалинганлар орасида ўзбекистонликлар энг кўпчилик


Сўнгги йилларда Олмаота шаҳрида одам иммун танқислиги вируси – ОИТВга чалинган кишилар сони ортиб бормоқда. Расмий маълумотларга кўра, ҳозир шаҳарда ОИТВ юқтирган 1,5 минг киши рўйхатга олинган.

Олмаота шаҳри ОИТС маркази бош шифокори ўринбосари Гулжаҳон Каримова шаҳарда ОИТВга чалинганлар сони ортаётганини тасдиқлар экан, бу ўсиш, асосан, Олмаотага тирикчилик мақсадида келаётган МДҲ мамлакатлари фуқаролари ҳисобига бўлаётганини билдирди.

“Туб шаҳарликлар ўртасидаги кўрсаткичларда у қадар ўсиш йўқ, аммо ОИТВ юқтирган муҳожирлар сони кўпаймоқда. Масалан, ўтган йили 20-25 муҳожирда ОИТВ аниқланган бўлса, бу йил 80 муҳожирда шу касаллик борлиги аниқланди. Инфекция аниқланган муҳожирлар ўз хоҳиши билан анализ топширади. Биз уларни зўрламаймиз. Қозоғистонга нолегал йўл билан келаётган қанчадан-қанча муҳожир бор ва биз уларни назорат қилиш имконига эга эмасмиз”, - деди Гулжаҳон Каримова.

Унинг сўзларига кўра, ОИТВ аниқланган муҳожирларнинг 40-43 фоизи ўзбекистонликлардир. Уларнинг асосий қисми фоҳишалардир.

“Ўтган ҳафтада марказимиз шаҳар миграция қўмитаси ва ички ишлар бошқармаси билан бирга фоҳишалар объектларига рейд ўтказди. Рейд давомида 95 аёл қўлга олинди. Уларнинг бири Олмаота вилоятидан, иккитаси бишкеклик қизлар, қолган 92 нафари ўзбекистонликлардир. Энг ачинарлиси, ушланган фоҳишалар 15-25 ёшлардаги қизлар бўлиб, уларда ҳам ОИТВ борлиги аниқланди”, - деди Гулжаҳон Каримова.

“Ўзбекистонлик қизлар орасида фарзандлилари ҳам кўп, - дея сўзида давом этди Г.Каримова. - Улар билан суҳбатлашганимизда Қозоғистонга тирикчилик мақсадида, уйда қолган ота-онаси ва фарзандларини боқиш учун келганини рўкач қилади. Мен уларни айбламайман, чиндан ҳам Ўзбекистондаги қийин вазият ёш аёл-қизларни ўз уйини ташлаб, ўзга юртда фоҳишалик қилишга мажбурлаётир. Қозоғистон секс-индустриясида эса ўзбекистонлик қизларга талаб катта. Улар арзон иш кучи”.

Гулжаҳон Каримова ОИТВга чалингани аниқлангач Қозоғистондан депортация қилинган ўзбекистонликларни ўз юртида рўйхатга олиш ва назорат қилиш масаласида Ўзбекистон ОИТС маркази раҳбари Гўзал Ғиёсова билан боғлангани, аммо ўзбек ҳамкасбларидан ҳеч қандай ижобий жавоб олмаганини маълум қилди.

Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси ходими Улуғбек Абдумажинов ҳам “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Қозоғистонда ОИТВ билан зарарланган ўзбек муҳожирлари ҳақида элчихонада ҳеч қандай маълумот йўқлиги билдирди.
XS
SM
MD
LG