Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:05

Обидхон қори: “Қамашлар билан “Ҳизб ут-таҳрир”чиларни тўхтатиб бўлмайди. Ҳукумат ўз сиёсатини ўнглаб олиши керак”


Вашингтонда жойлашган Ҳадсон университети ҳузуридаги Диний эркинликлар тадқиқот маркази куни-кеча дунё давлатларида диний эркинликлар аҳволига оид анъанавий йиллик ҳисоботини эълон қилди.

Ҳисоботдан юздан ортиқ мамлакат, асосан, диний эркинликлар бузилиши кўп учрайдиган давлатлар бўйича кузатувлар ўрин олган.

Ҳисобот шуниси билан муҳимки, унда шахсларнинг диний экринликлари вазияти ҳар бир мамлакатдаги ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий вазият, фуқаровий ва сиёсий ҳақ-ҳуқуқларнинг таъминланиши даражаси билан муқояса қилинган ҳолда таҳлил этилади.

Бу йилги ҳисоботнинг умумий хулосаларидан бирига кўра, диний эркинликлар бузилиши кўпроқ коммунистик режим, миллатчилик ва радикал исломий кайфият ҳукм сурган мамлакатларда кузатилмоқда. Шунингдек, ҳозир дунё бўйлаб шахсларнинг диний эркинликлари бошқа дин вакиллари эмас, балки ўз динидаги, аммо бошқа мазҳаб ва оқимга тегишли инсонлар томонидан бузилаётир. Бунга мисол тариқасида эса Покистон ва Саудия Арабистонидаги шиа ва сунний мусулмонлар, Россия, Греция ва Арманистондаги православ бўлмаган ва ортодокс насронийлар ўртасидаги келишмовчилик, дискриминация ҳоллари тилга олинади.

Диний эркинлар вазияти “эркин”, “қисман эркин” ва “эркин эмас” каби таснифланган бўлиб, ҳисоботдаги энг ёмонлар рўйхатида постсовет давлатларидан Туркманистондан кейинги ўринда Ўзбекистон турибди.

Ўзбекистонда диний эркинликлар вазиятини кузатиб бораётган “Форум-18” ташкилоти вакили Фелекс Корли Ҳадсон институти тадқиқотлари хулосасига тўлиқ қўшилади ва сўнгги вақтларда диний эркинликлар бузилишида учраётган умумий ҳолатлар ҳақида тўхталади.

“Мусулмон жамоалари давлатнинг қаттиқ назорати остида қолиб келмоқда ва бу назорат жамоалар ичидан бошқарилади. Бироқ бошқа дин вакиллари устидан ҳам назорат тобора кучаймоқда ва назорат бу диний жамоалар фаолиятини кузатувчи хуфялар, баъзан эса уларни таъқиб қилиш ёрдамида амалга оширилмоқда. Энг муҳими, мамлакатда рўйхатдан ўтмаган диний жамоалар тақиқлаган”, - дейди Феликс Корли.

Унинг таъкидлашича, шу кунга қадар Ўзбекистонда қанча одам диний мотивлар билан қамалгани ва нега қамалганини аниқлаш ҳануз мушкул бўлиб қолаётганининг ўзиёқ Ҳадсон институти тадқиқот марказининг хулосаларига қўшилишга асос бўлади.

“Ўзбекистон ёпиқ, нодемократик давлат. Айниқса, кейинги вақтларда ёппасига “Ҳизб ут-таҳрир”да айбланиб қамалаётган фуқароларга қўйилаётган айблов қанчалик тўғри эканини айтиш жуда қийин. Ўзбекистонда, айтиш мумкинки, диний эркинлар деярли йўқ”, - дейди Феликс Корли.

Сўнгги бир йил давомида Ўзбекистонда диний мотивда айбланган кўплаб фуқаро судга тортилди, кўплаб судлар бўлиб ўтди. Судланувчиларга, асосан, “Ҳизб ут-таҳрир” партиясига аъзолик айби қўйилди.

Ушбу партиянинг Фарғона водийсидаги фаолияти ва вазиятини кузатиб бораётган эксперт Иқбол Мирсаидов эса Ўзбекистон ва “Ҳизб ут-таҳрир”га қарши суд жараёнларини кўпайтираётган Қирғизистон, Тожикистон ҳукуматларини қайсидир маънода тушуниш мумкинлигини айтади. Эксперт, айниқса, Ўзбекистонда сўнгги вақтларда “Ҳизб ут-таҳрир”га алоқадорликда айбланиб аёлларнинг жазога тортилаётганига эътиборни қаратди.

“Ҳизб ут-таҳрир” диний оқимининг ўз қатъий тартиб-қоидалари бор. Шулардан бири ҳар қандай вазиятда ўзининг партияга аъзо эканини тан олишдир. Яна бири эса оила аъзоларини партияга жалб қилишдир. Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари буни жуда яхши билади. Улар балки шунга асосланиб энди эрлари қамалган аёлларни қамай бошлагандир”, - дейди эксперт.

И.Мирсаидов Ўзбекистонда диний эркинликлар борасидаги қонунчилик баъзи ўринларда халқаро меъёрларга мутлақо зид эканини эътироф этар экан, Ўзбекистонни минтақа давлатлари орасида диний эркинликлар бобида “қисман эркин” деб баҳоланган Қирғизистон билан солиштиради.

“Масалан, бир диний ташкилот тузиш учун Қирғизистонда 10 та одам тўпланиши керак, Ўзбекистонда эса 100 та. Қирғизистонда бир диндан бошқа динга ўтиш - прозелитизм мумкин, Ўзбекистонда эса тақиқланган. Қирғизистонда бемалол соқол қўйиш, салла, рўмол ўраш ва бошқа диний либосларда юриш эмин-эркин. Ўзбекистонда эса бунинг учун олиб бориб қамашади. Бундай тақиқлар, шубҳасиз, ҳукуматдан норози бўлган ҳар турли диний ҳаракатлар фаоллигини оширади”, - дейди И.Мирсаидов.

Ўзбекистонлик таниқли имом Обид қори Назаров диний оқимлар бўйича экспертнинг бу сўзлари ва кўпгина халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистонда диний экринлар бузилиши бобидаги хавотирларини ўринли ҳисоблайди.

Унинг фикрича, яна бир хавотирли жиҳат шуки, Ўзбекистон ҳукумати дин эркинлигини мунтазам бузиб, чеклаб келгани боис, мамлакат диндорлари ҳар турли диний оқимларга кириб кетиши хавфи ортиши мумкин.

“Ҳукумат сиёсатидан ҳафсаласи пир бўлган диндорлар ҳукумат маъқуллаган имомлар, расмийларга қулоқ солмай қўйганига анча бўлган. Ҳар хил тақиқланган диний-сиёсий оқимлар вакиллари эса бундан фойдаланиши, шубҳасиз. Агар “Аҳли сунна вал-Жамоа”га эркинлик берилганда эди, мўътадил мусулмонларнинг ўзлари радикал, тақиқланган диний оқимларни сиқиб чиқарган бўларди. “Ҳизб ут-таҳрир”чиларни қамаш билан уларни тўхтатиб бўлмайди. Ҳукумат ўз сиёсатини ўнглаб олиши керак”, - деди Обихон қори.

Ўтган йили АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни дин эркинликлари ўта қўпол равишда бузиладиган ўта хавотирли давлатлар сафига киритган эди. Аксар мустақил манбалар мамлакатда диний мотивларда айбланиб 15 мингдан 20 мингга қадар одам қамалгани ҳақида хабар қилади. Аммо мамлакат ҳукумати буни тасдиқламагани ҳолда бу борадаги аниқ расмий маълумотларни ҳам ошкор қилмай келади.
XS
SM
MD
LG