Линклар

Ўзбекистон Африканинг энг қолоқ давлатлари билан бўйлашмоқда

  • Алишер Сиддиқ

Ўзбекистон давлат бошқаруви энг абгор мамлакатлардан биридир. Жаҳон банкининг “Дунёда давлат бошқаруви кўрсаткичлари” номли ҳисоботида Ўзбекистонга ана шундай салбий баҳо берилган.

212 мамлакатдаги вазиятга баҳо берилган ҳисобот давлат бошқаруви самарадорлигининг 6 йўналишини тадқиқ этади. Ҳукуматнинг халқ олдидаги жавобгарлиги, сиёсий барқарорлик ва зўравонликлар кўлами, бошқарув самарадорлиги, ҳукуматнинг хусусий секторни ривожлаштириш сиёсати, қонун устиворлиги ва коррупция устидан назорат шулар жумласидандир. Мазкур барча йўналишлар бўйича манфий баҳо олган Ўзбекистон ўзининг анъанавий сафдошларига айланган Чад, Конго Судан, Ироқ, Ғазо минтақаси, Туркманистон, Беларус ва Шимолий Корея билан бўйлаша олади, холос.

Жаҳон банки вакиласи Кристина Лакатоснинг ҳисоботга таяниб айтишича, ҳукумат самарадорлиги ва коррупцияни жиловлаш борасида Ўзбекистон энг паст кўрсаткичларга эга.

Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги давлат бошқаруви борасидаги хулосалари дунёдаги энг нуфузли 30 ташкилотдан олинган маълумотларга асослангани таъкидланади.

Бу ташкилотлардан айримларининг Ўзбекистондаги иқтисодий ва сиёсий вазиятга берган баҳосига назар ташласак.

АҚШнинг дунёда эркинликни тарғиб этувчи “Freedom house” нодавлат ташкилоти жорий йилда Ўзбекистонни дунёнинг энг репрессив жамиятлари сафига қўшди.

Жаҳон банки Ўзбекистондаги давлат бошқарувига баҳо беришда АҚШ Давлат департаментининг Ўзбекистондаги одам савдосига оид хулосаларига ҳам таянган. Давлат департаменти Ўзбекистонни одам савдосига қарши курашмаётган 16 ҳукуматдан бири ҳисоблайди.

Жаҳон банки дунё бўйлаб коррупцияга қарши курашувчи “Трансперенси интернейшнл” хулосаларини ҳам инобатга олишни унутмаган.

Ўзбекистон дунёдаги энг коррупциялашган давлатлар ўнлигидадир. Айни пайтда Ўзбекистон коррупция даражасининг юқорилиги бўйича барча постсовет давлатлардан ўзиб кетди. Бу “Трансперенси интернейшнл” хулосаларидир.

Лондондаги Иқтисодий тадқиқотлар маркази ҳам Жаҳон банки ҳисоботига ўз ҳиссасини қўшди.

Марказ таҳлилчиси Анна Луис Хаггер Ўзбекистондаги бизнес муҳитига баҳо бериб: “Ўзбекистондаги бизнес муҳитида ишлаш мушкул. Компаниялар учун валюта айрбошлаш билан боғлиқ муаммолар мавжуд. Россияни инобатга олмаганда, Ғарб давлатлари учун сармоя муҳити анча ноқулай. Давлат бошқарувининг ёмонлиги бизнес муҳитига халақит қилувчи асосий омиллардан ҳисобланади”, - деди.

Жаҳон банки Ўзбекистондаги давлат бошқарувини баҳолашда мамлакатдаги сўз ва матбуот эркинлиги, фуқаролик жамияти ва демократиянинг ривожи билан ҳам қизиққан. Банк Ўзбекистон каби мамлакатларга ўз давлат бошқарувини яхшилашни тавсия қилади.

Ўзбекистон ҳукумати эса, афтидан, ўз давлат бошқаруви самарадорлигига ижобий баҳо беради. Мазкур давлат раҳбари Ислом Каримовнинг навбатдаги президент сайловида ҳам асосий номзод бўлиши кутиляпти.
XS
SM
MD
LG