Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:21

Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи миқдори Қирғизистондагидан юқори, лекин...


Ахборот агентликлари Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи оширилгани ҳақида хабар тарқатгандан кейин “Озодлик” мухбири Ўзбекистонга қўшни мамлакатлардаги бу борадаги вазиятни ўрганишга ҳаракат қилди.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон президенти фармони билан мамлакатда энг кам иш ҳақи миқдори 1 августдан 15 минг 525 минг сўм, яъни аввагидан 25 фоиз кўп қилиб белгиланган. 1 августдан Ўзбекистонда пенсия ва болаликдан ногиронлар нафақаси 30 минг 750 сўмни, қарилик, меҳнатга лаёқатсизлик ва етарли меҳнат стажига эга бўлмаганлар учун нафақа 18 минг 625 сўмни ташкил этади. АҚШ долларига чақилса, мамлакатда энг кам иш ҳақи 12 доллар атрофида бўлади.

Оддий ўзбекистонликлар иш ҳақлари озгина бўлса ҳам ошганидан мамнун. Аммо уларнинг бу қувончи узоққа чўзилмаслигини айтади Қирғизистонда яшаётган ўзбекистонлик мустақил кузатувчи Улуғбек Бакиров.

“Чунки иш ҳақи ҳали қўлга етиб келмасдан туриб, нарх-наво ошиб кетади, озиқ-овқат маҳсулотлари ва транспорт қимматлайди”, - дейди у.

Расмий маълумотларга кўра, Қирғизистонда энг кам иш ҳақи 340 сом, яъни 9 доллар атрофида.

“Бироқ Қирғизистонда энг кам иш ҳақи 340 сом бўлгани билан ҳеч ким бунча ҳақ олмайди. Бу миқдор турли расмий ҳисоб-китобларда қўлланилади”, - дейди Қирғизистон Меҳнат вазирлиги расмийси Паризод Бейшеналиева.

Унинг айтишича, Қирғизистондаги энг кам реал иш ҳақи минг сом, яъни 26 долларга тенгдир.

Қозоғистонлик журналист Досум Боймурза эса ўз мамлакатида энг кам иш ҳақи 80 доллар миқдорида белгилангани, лекин аслида одамлар қўлига тегадиган иш ҳақи ёки нафақа пуллари бундан анча кўп эканини билдирди. Ҳатто энг кам пенсия миқдори ҳам 100 доллардан кўпроқдир.

Қирғизистонда реал иш ҳақи миқдори ҳукумат белгилаган энг кам иш ҳақидан 11 доллар, Қозоғистонда эса ўртача 20 доллар юқоридир.

Мустақил кузатувчи Улуғбек Бакиров Ўзбекистонда ҳукумат белгилаган энг кам иш ҳақи миқдори қонун ва мана шу иш ҳақини оладиганлар борлигини айтади.

“Фаррош, сантехник каби тоифалар мана шу белгиланган миқдордаги иш ҳақини олади. Қозоғистон ва Қирғизистонда бошқачароқ тизим жорий этилганинг сабаби шуки, уларда бозор иқтисодига ўтиш жараёни табиий равишда амалга ошмоқда. Ўзбекистонда эса бунинг акси, бозор иқтисодиётига сунъий йўл билан ўтилмоқда. Шу сабабли ҳам бу икки мамлакатда Ўзбекистонга нисбатан иш ҳақи кўпроқ ва иқтисодий мустақиллик мавжуд”, - дейди Улуғбек Бакиров.
XS
SM
MD
LG