Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:26

Жасадлар ва сайлов ўртасидаги боғлиқлик


Қозоғистондаги “Республика” газетаси “Нурбанк”нинг ўғирлаб кетилган собиқ ходимларининг таниб бўлмас ҳолга келган жасадлари топилгани ҳақидаги маълумотни эълон қилди.

Газета номаълум шахснинг бу ҳақдаги интервьюсини ўз саҳифаларига жойлаштирган. Номаълум шахснинг айтишича, “Нурбанк”нинг собиқ раҳбарлари Жўлдас Тимралиев ва Айбар Ҳасеновнинг жасади бундан тахминан 20 кун муқаддам топилган. Жасадларда қаттиқ қийноқ излари бўлган.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги “Нурбанк”нинг юқори лавозимли бу икки ходими ўғирланишида президент Нурсултон Назарбоевнинг эндиликда собиқ куёви, мамлакатнинг Австриядаги собиқ элчиси Роҳат Алиевдан гумонсирамоқда. “Нурбанк”нинг асосий мулкдори ҳисобланган Р.Алиев “Нурбанк”нинг собиқ раҳбарларини банк маблағини ўзлаштиришда айблаган.

“Республика”га интервью берган шахс Ж.Тимралиев ва А.Ҳасеновни шахсан Р.Алиевнинг ўзи қийнаганини билдирган.

“Республика” электрон почта орқали яна бир мактуб олган бўлиб, унинг муаллифи Олмаота яқинидан топилган бу жасадлар ДНК анализидан ўтказилганидан сўнг улар ҳақиқатан ҳам Ж.Тимралиев ва А.Ҳасеновга тегишли эканини тасдиқланганини хабар қилган.

Бироқ Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Боғдот Хўжааҳмедов “Озодлик” мухбири билан суҳбатда бу маълумотлар “ғирт ёлғон” эканини маълум қилди. Шунингдек, йўқолганлардан бирининг рафиқаси Армангул Капашева ҳам бу хабарга ишонмаслигини билдирди.

“Мен эримнинг жасадини кўрмагунимча бу хабарга ишонмайман. Дариға Назарбоеванинг уйи тинтув қилинган пайтда қаердандир қон излари топилибди. Шундан сўнг эримнинг отаси ва ака-укаларидан ДНК анализи учун қон олинганди”, - деди А.Капашева.

31 январь куни “Нурбанк” собиқ раҳбарлари ўғирлаб кетилганидан буён уларнинг қаердалиги, ким томонидан ўғирлангани ёки ўлдирилгани ҳақида турли тахминлар илгари сурилган.

Журналист Ермурод Бапи Жўлдас Тимралиев ва Айбар Ҳасеновнинг жасадлари топилганига анча вақт бўлгани эҳтимолдан йироқ эмаслигини таъкидлайди.

“Аммо ҳозир Қозоғистон ҳукумати учун банк ходимлари жасадлари топилганини эълон қилиш мавриди эмас. Бу хабар мамлакатда парламент сайлови бўлиб ўтгач, расман эълон қилиниши мумкин. Чунки бу жиноятда президентнинг собиқ куёви иштироки этгани ҳақида гапириляпти. Бу эса Н.Назарбоев ва унинг раҳбарлигидаги “Нур Отан” партияси обрўсига салбий таъсир этиши турган гап”, - дейди журналист.

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда Роҳат Алиевга халқаро қидирув эълон қилинган бўлиб, у Венада уй қамоғида ўтирибди. Қозоғистон Австрия ҳукуматидан Р.Алиевни ватанига экстрадиция қилишни сўрамоқда.
XS
SM
MD
LG