Линклар

Теҳронда касаба уюшмаси раиси ўғирлаб кетилди

  • Алишер Сиддиқ

10 июль куни Теҳрон автобус ҳайдовчилари касаба уюшмаси раҳбари Мансур Ўсан ўғли ўз уйи ёнидан ўғирлаб кетилди. Бу уюшма Эрондаги етакчи нодавлат ташкилотларидан бири ҳисобланади.

“Инсон ҳуқуқлари курашчиларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти” Мансур Ўсан ўғлининг ҳибсга олиниши унинг бевосита фаолияти билан боғлиқлиги таъкидлаб, унинг хавфсизлиги борасида хавотир билдирди.

Ўсан ўғлининг оила аъзолари 10 июл куни унинг уйи ёнида номаълум шахслар томонидан калтакланиши ва машинага босиб олиб кетилишига гувоҳ бўлган.

“Аслида Мансур Ўсан ўғли ўзининг фаолияти туфайли ўғирлаб кетилди. У жуда яхши ташкилотчи ва Эронда унинг нуфузи жуда баланд. Ўзи бошқарган касаба уюшмасини у Эрондаги биринчи ва давлатдан мутлақо мустақил бақувват касаба уюшмасига айлантириши мумкин эди. Эрондаги исломий ҳукумат эса обрўси ошиб бораётган мазкур ташкилот ўз фаолиятини сиёсий йўналишга ўзгартириши мумкинлигидан ҳам қўрқаётгани турган гап”, - дейди “Озодлик” радиоси Эрон хизмати мухбири Беҳрўз Кароний.

Теҳрон автобус ҳайдовчилари касаба уюшмасининг мингдан зиёд аъзоси бор. Бу уюшма Теҳрондаги автобус ҳайдовчиларнинг ҳуқуқларини талаб қилиб, уларнинг иш шароитини бир қадар яхшилашга ҳам эришган. Эрондаги қаттиққўл тузум шароитида фаолият юритганига қарамай, Теҳрон автобус ҳайдовчилари касаба уюшмаси Халқаро транспорт федерацияси аъзоси ҳисобланади.

Эрон ҳукумати Мансур Ўсан ўғли ҳибсга олинганини рад этиб, унинг ўғирланиши юзасидан расман тергов бошланганини маълум қилмоқда. Аммо Эрон хавфсизлик кучлари қарийб 2 йил аввал уни ҳибсга олган ва ташкилот аъзоларини қаттиқ таъқиб этган эди.

“У биринчи марта ҳибсга олинганида бир ярим мингдан зиёд автобус ҳайдовчиси норозилик намойиши уюштирган эди. Ҳукумат уларни қаттиқ жазолади ва уларга қарата ўт очди, ўнлаб тарафдорларини ҳибсга олди. Ўсан ўғлининг ўзи эса бир муддатдан сўнг озод қилинганди”, - деди Беҳрўз Кароний.

Кузатувчилар фикрича, Мансур Ўсан ўғлининг ҳибсга олиниши тарафдорларининг норозилик чиқишларига сабаб бўлиши мумкин.

Халқаро транспорт федерацияси ҳам Эрон ҳукуматидан унинг дарҳол озод этилишини талаб қилмоқда.
XS
SM
MD
LG