Линклар

Император кўпригининг президент кўприкларидан фарқи ҳақида

  • Абдулла Искандар

Прагаликлар император Карл IV кўпригининг 650 йиллигини нишонламоқда. Бундан 650 йил муқаддам қурилиши бошланган кўприкни йилига олти миллиондан ортиқ сайëҳ томоша қилади.

Кўприкка 1357 йилнинг 9 июли куни соат бешдан 31 дақиқа ўтганда биринчи тош қўйилган. Император Карл мунажжимлар тавсия қилган бу кун ва соатни узоқ кутган.

Шу кунларда Прагада Карл кўприги музейи ҳам очилди. Музейда Карл кўпригининг тарихига оид ноëб буюмларни кўриш мумкин.

Қадимда оддий прагалик косиб ва тужжорлар шаҳар ўртасидан оқиб ўтувчи Влтава дарëсининг ўнг соҳилида истиқомат қилган. Чап соҳилда эса қирол оиласи яшаган. Шаҳарнинг бу икки қисмини бирлаштириш учун кўприк лозим эди.

“Кўприк тарихий воқеалар гувоҳидир. Бундан ташқари, кўприк жамаот маркази ҳам бўлган. Кўприкда савдо-сотиқ қилинган. Рицарлар эса кўприк устида от чоптириш мусобақалари ўтказган. Шведлар бостириб келганида кўприк устида баррикада қурилиб, шаҳар ҳимоя қилинган”, - дейди тарихчи олим Франтишек Карлис.

Унинг сўзларига кўра, швед қўшинлари Карл кўприги устидаги ҳайкалларни вайрон қилган. Асрлар давомида кўприк қиëфаси муттасил ўзгариб турган. Ўтган аср бошида кўприкда автомобиль қатновига рухсат ерилган. Кўприк бир неча бор номини ўзгартирган.

“Ўтган замонда бу “Карл кўприги” эмас, “Тош кўприк” деб аталган. “Карл кўприги” номи 19-асрда пайдо бўлди. Қадимги битикларда ëзилишича, 10-асрда бу кўприк ўрнида ëғоч кўприк бўлган”, - дейди Ф.Карлис.

Тарихчилар Карл кўпригини “очиқ осмон остидаги музей”, деб айтайди. Кўприк 300 йил давомида қурилган. Уни меъмор Петр Парлежо қура бошлаган. Кўприкнинг узунлиги ярим километр, эни ўн метр.

“Император Карл IV бу кўприкка катта эътибор берган. Кўприкни барокко ва готик услубдаги жимжимадор ҳайкаллар билан безатишга фармон берган. Кўприк устунларига фаришталар ва авлиëлар ҳайкаллари ўрнатилган. Афсуски, Карл бу ҳайкаллар битишини кўрмасдан оламдан ўтди. Ҳайкаллар Карл вафотидан кейин ўрнатилган. Кўприк Прага регистонини эски шаҳар билан боғлайди. Шу маънода кўприк бирлаштурувчи роль ўйнаган”, - дейди тарихчи олим Ф.Карлис.

Ўзбеклар ҳам кўприк қуришни хайрли-саховатли иш ҳисоблайди. Ўзбек рассоми Вячеслав Охунов бугунги режим боис, кўприклар элларни бирлаштирувчи эмас, балки бир-биридан ажратувчи воситасига айланганини айтар экан, Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг: “Мен ортимдаги ҳамма кўприкларни ëқиб юборганман”, дея телевидениеда айтган сўзларини эслади.

“Қорасувдаги Ўзбекистон билан Қирғизистонни боғлаб турган кўприк Каримов мулозимлари томонидан бузиб ташланди. Аммо ҳеч бир мустабид бизнинг фикр ва шууримиздаги мавжуд кўприкларни буза олмайди”, - деди рассом.

В.Охунов Ўзбекистондаги ғиштдан, тошдан, ёғоч ва темирдан қурилган ёки арқондан ясалган осма кўприкларни яхши эслайди. Рассом яратган асарларда кўприк мавзуси мажозий маъно ташийди.

“Кўприк бу бир инсоннинг иккинчи киши билан муносабат қуриши учун воситадир”, - дейди рассом.
XS
SM
MD
LG