Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:01

Ҳижоб ўрагани учун институтдан қувилган қиз судда ютқазди


Ҳижоб ўрагани учун Тожикистон Давлат тиллар институтидан ҳайдалгани сабабли мамлакат таълим вазирини судга берган Давлатмоҳ Исмоилова судда ютқазди. Душанбе шаҳри Сино тумани суди вазир фойдасига қарор чиқарди.

Судья Абдулло Раҳматов сўзларига кўра, таълим вазирининг жорий йил 31 март кунги “Мамлакат ўрта ва олий ўқув юртларидаги таълим ва тарбияни тартибга солиш тўғрисида”ги буйруғи конституцияга зид эмас. Шунинг учун мазкур қарорни бекор қилишни сўраб Д.Исмоилова киритган шикоят аризаси қондирилмаган.

Д.Исмоилова вазирнинг буйруғи мамлакат конституциясининг 10-моддасига зид эканини, бу унинг ҳуқуқларини поймол этишини даъво қилиб, Таълим вазирлиги ва Давлат тиллар институти раҳбариятини судга берган эди. Талаба айнан шу буйруққа асосланиб институтнинг араб ва инглиз тиллари факультетидан қувилган.

Даъвогарнинг адвокати Шуҳрат Қудратов судьяни қонунчиликни заиф билишда айблар экан, у чиқарган ажрим конституцияга тўла зид бўлганини таъкидлади.

Тожикистон конституциясининг 10-моддасида конституция талабларига зид барча ҳужжатлар ноқонуний экани белгилаб қўйилган.

“Таълим вазири буйруғида Конституция талабларига зид келмайдиган бир неча банд бор, - дейди ҳуқуқшунос Зуҳра Исоева суд қарорини шарҳлар экан. - Шу сабабли даъвогар суддан буйруқнинг фақат 2-банди, яъни олий ўқув юртларига ҳижобда келиш тақиқланган қисми бекор қилинишини сўраши керак эди”.

Даъвогар эса “агар суд адолатли ўтгани”да, албатта, ютиб чиққан бўлишини билдирди. Д.Исмоилова ўз ҳуқуқлари ҳимояланишини талаб қилишда давом этишини, Олий судга, агар ундан натижа чиқмаса, халқаро инстанцияларга мурожаат этишини маълум қилди.

Давлат тиллари институти раҳбарияти суд қарорига изоҳ беришни институтда келаси душанба куни ўтказиладиган матбуот анжуманига қолдирди.

Суд қарори ўқиб эшиттирилган куни эрталаб Тожикистон таълим вазири Абдужаббор Раҳмонов матбуот анжумани ўтказиб, мамлакат олий ва ўрта таълим муассасалари талабалари учун умумий мактаб формаси жорий этишга доир дастур ишлаб чиқилганини эълон қилди.

Вазирнинг билдиришича, дастурга кўра, бундан буён мамлакат таълим муассасаларида ҳижоб ва калта юбка, қизларга шим кийиш қатъиян тақиқланади.

“Биз демократик тизимга асосланган давлатда яшамоқдамиз. Биз хорижий давлатлар, жумладан, Туркия, Эрон каби ислом давлатларининг миллий либосларини тарғиб этувчи ҳар қандай сиёсатга қаршимиз. Умуман олганда, ҳозир гап вазирлигимизни судга берган Давлатмоҳ Исмоилова ҳуқуқлари устида бормаётир. Аксинча, бу даъвою даъвогарликнинг сиёсий омили мавжудлигига ишончим комил”, - деди А.Раҳмонов.
XS
SM
MD
LG