Линклар

Янги ҳисобот Ироқ урушига қаршиларни қониқтирмади

  • Ҳасанжон

Оқ уй маъмуриятининг Ироққа оид янги ҳисоботида айтилишича, Ироқ ҳукумати АҚШ Конгресс томонидан белгиланган 18 та тавсиядан 8 тасини бажара олган. 8 та тавсия бажарилмаган ва фақат икки тавсия бўйича ўртача натижага эришилган.

АҚШ президенти Жорж Буш Оқ уйда ўтказилган матбуот анжуманида Ироқ 8 та тавсияни қониқарли даражада бажарганини таъкидлади.

“Масалан, ироқликлар Бағдод ва унинг ташқарисида ўтказилаётган ҳарбий амалиётларга учта ҳарбий қисм етказиб бериш ҳақидаги ваъдасини бажарди. Бундан ташқари, Ироқ ҳукумати ўз кучларини тайёргарликдан ўтказиш, техника ва замонавий қуроллар билан таъминлаш учун жорий йилда ўз жамғармасидан салкам 7,3 миллиард доллар сарфлаяпти”, – деди АҚШ президенти.

Жорж Буш Ироқда ҳамма иш ижобий кетмаётганини ҳам тан олди.

Оқ уй ҳисоботида Ироқда зўравонликлар кўлами камайиб, хавфсизлик кучайтирилгани қайд этилган. Бироқ ҳужжатда этник зўравонликларни камайтириш борасида Ироқ ҳукумати томонидан етарли ишлар қилинмагани ҳам айтилган.

Шу ҳафтада АҚШ Конгрессининг иккала палатасида Ироқдан Америка қўшинларини олиб чиқишни талаб қилувчи қонун лойиҳаси муҳокама этган эди. 12 июль куни Вакиллар палатаси АҚШ қўшинларининг асосий қисмини Ироқдан олиб чиқишни талаб қилувчи қонун лойиҳасини қабул қилди.

Мазкур хужжатда қўшинларни Ироқдан олиб чиқиш 120 кун ичида бошланиши ва 2008 йилнинг 1 апрелигача тугатилиши назарда тутилган. Жорж Буш аввал қабул қилинган шу каби ҳужжатга вето қўйган эди ва бу гал ҳам шундай йўл тутишини билдирди ҳамда АҚШ Ироқда ҳозир ҳам муваффақиятга эришиши мумкинлигини таъкидлади.

Президентнинг бу баёнотига муносабат билдирган демократ сенатор Дик Дёрбин Жорж Буш “Ироқдаги уруш воқелиги ва Америка халқи билан алоқани йўқотгани”ни қайд этди.

“Эълон қилинган ҳисобот бизда кўп ҳам умид уйғотмаяпти. Ироқда ҳарбий ғалабага эришишни кутмаслигимизни бизга такрор ва такрор айтишяпти. Барқарорликка эришиш учун Ироқда сиёсий ғалабага эришиш керак. Ҳисоботда айтилганидек, Ироқда сиёсий муваффақиятга эришилаётганини тасдиқловчи далиллар оз. Янги зўравонлик ва қурбонлар бўлаётгани ҳақидаги далиллар нисбатан кўп”, - деди сенатор.

Оқ уйдаги матбуот анжуманида Жорж Буш давлат котиби Кондолиза Райс ва мудофаа вазири Роберт Гейтс август ойида Яқин Шарққа сафар қилишини билдирди. У давлат котиби ва мудофаа вазирининг сафари АҚШ минтақадаги демократик жараёнларни қўллаб-қувватлаётгани далили эканини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG