Линклар

Россия Европа хавфсизлигига оид муҳим ҳужжатдаги иштирокини тўхтатди

  • Ҳасанжон

Россия президенти Владимир Путин мамлакатнинг “Европада оддий қуролли кучлар тўғрисида”ги шартномадаги иштирокини тўхтатиш ҳақидаги фармонга имзо чекди.

Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Кисляк бундай қарор қабул қилинишини НАТОнинг шарққа томон кенгайиши ва Европада оддий қуроллар тўғрисидаги шартноманинг НАТО томонидан бузилиши билан изоҳлади.

“Шартнома атрофидаги ҳозирги вазият инобатга олинса, Россия Федерацияси президентининг қарори ўринли ва мантиқлидир. Бу шартнома ҳозирги кўринишида аллақачон эскириб бўлган. 1990 йилда имзоланган мазкур ҳужжат НАТО ва Варшава шартномасига аъзо давлатлар ўртасидаги ҳарбий-сиёсий муносабатларни тартибга солишни назарда тутган эди. Ҳозирги кунда Совет Иттифоқи ҳам, Варшава шартномаси ҳам йўқ. НАТО эса келишувда белгиланган чекловларга риоя қилмай, кенгайишда давом этмоқда. НАТОнинг айрим янги аъзолари бу шартномадан бутунлай четда қолган. Шу боис, шартномадаги иштирокни тўхтатиш ҳақидаги қарор Россиянинг хавфсизлиги билан боғлиқ вазиятдан келиб чиққан ҳолда қабул қилинган”, - деди Сергей Кисляк.

Жорий йил апрелида В.Путин агар НАТО давлатлари 1999 йилда шартномага киритилган тузатишларни ратификация қилмаса, Россия ундаги иштирокини тўхтатиши ҳақида огоҳлантирган эди.

НАТО шартномага киритилган тузатишлар ратификация қилинмаганини эришилган келишувда кўзда тутилганидек Россия Молдова ва Грузиядан ўз қўшинларини олиб чиқиш мажбуриятини бажармагани билан изоҳлади.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Россия раҳбарияти қабул қилган қарордан ташвиш билдирди.

“ЕХҲТга 56 давлат аъзо. Уларнинг аксари Европада оддий қуролли кучлар ҳақидаги ҳужжатни имзолаган. Шу боис, ЕХҲТ бу келишув атрофидаги воқеаларни диққат билан кузатиб боради. Шартномани имзолаган давлатлар расмий Москва хатти-ҳаракатига, албатта, муносабат билдиради”, - деди ЕХҲТ матбуот котиби Мартин Несирки.

НАТО расмийлари Россиянинг битимдан чиқиш ҳақидаги қарорини афсусланарли ва ортга кетиш, деб баҳолади.

Сўнгги пайтларда Россия ва НАТО муносабатлари АҚШнинг ракета ҳужумидан мудофаа тизими элементларини Чехия ва Польша ҳудудларига жойлаштириш режаси, Сербиянинг Косово ўлкасига мустақиллик мақоми бериш каби бир неча масалалардаги келишмовчилик туфайли таранглашди.

НАТО бош котиби Яап де Ҳооп Схеффер Россияни Европада оддий қуролли кучлар ҳақидаги шартномадан чиқмасликка чақирган эди.

“Мен Россия-НАТО ўртасида яхши ва соғлом муносабатлар ўрнатишдан бошқа йўл йўқлигига ишонаман. Чунки НАТО Россиясиз, шунингдек, Россия НАТОсиз самарали фаолият юрита олмайди”, - деганди НАТО бош котиби.

Европада оддий қуролли кучлар тўғрисидаги шартномага Европа хавфсизлигининг кафолати сифатида қаралади.
XS
SM
MD
LG