Линклар

logo-print

“Ҳизб ут-таҳрир” Тожикистонда террор ташкилоти ҳисобланмайди

  • Гулнора Равшан

Тожикистон Бош прокуратураси мамлакат ҳудудида фаолияти тақиқланаган 10 та террорчилик ташкилоти номини расман эълон қилди. Террорчилик ташкилотлари рўйхатига “Ҳизб ут-таҳрир” киритилмади.

Бу ташкилотлар Тожикистон Олий суди томонидан террорчилик уюшмалари сифатида эътироф этилган.

Бош прокуратура эълон қилган рўйхатга “Ал-Қоида”, “Шарқий Туркистон исломий ҳаракати”, “Толибон”, “Мусулмон биродарлар”, “Лашкари тойиба”, “Ислом гуруҳи”, “Покистон исломий жамияти”, “Миссионерлик диний ташкилоти”, “Исломга даъват” ва “Озод Тожикистон” партияси киритилган.

Улар террорчилик ва экстремистик ташкилотлар сифатида эътироф этилиб, мамлакат ҳудудида фаолият юритиши тақиқланди.

Тожикистон бош прокурори Бобохон Бобохонов террорчилик ташкилотлари рўйхатига “Ҳизб ут-таҳрир” партияси киритилмаганини изоҳлар экан, бу ташкилот аъзолари оғир жиноятларга қўл урмаганини билдирди.

“Бу ташкилотга аъзоликда айбланган шахслар оддий жиноятларга қўл уради. Масалан, халифалик тузишга оид тарғибот ишлари ва шу мазмундаги варақалар тарқатиш билан шуғулланади. Шунинг учун у террорчилик ташкилотлари рўйхатига киритилмади. Фикримча, бу оддий жиноятлар учун ҳизбчиларни террорчилар, деб эълон қилиш яхши эмас. Акс ҳолда қисқа вақт ичида 300-400 киши террорчиликда айбланган бўлар эди”, - деди Б.Бобохонов.

Тожикистон Бош прокуратураси маълумотига кўра, 2007 йилнинг биринчи ярмида “Ҳизб ут-таҳрир”га аъзоликда айбланган 15 кишига нисбатан 14 та жиноят иши қўзғатилган ва шундан 10 таси судга юборилган.

Мамлакатдаги мустақил кузатувчилар Бош прокуратура “қора рўйхати”га киритилган айрим ташкилотлар Тожикистонда мавжудлигига шубҳа билан қарамоқда. Жумладан, улар “Лашкари тойиба”, “Озод Тожикистон”, “Ислом гуруҳи”, “Покистон исломий жамияти” мамлакат аҳлига нотаниш экани, уларнинг мамлакат хавфсизлигига таҳдиди йўқлигини таъкидламоқда.

Хавфсизлик масалалари бўйича мустақил кузатувчи Маҳди Собир “қора рўйхат”даги “Озод Тожикистон” партияси тўғрисида гапирар экан: “Бу ташкилотни тожикистонликлар деярли танимайди. Рўйхатга киритишдан аввал унинг халқаро миқёсдаги фаолияти тўғрисида аҳолига маълумот берилиши зарур эди, деб биламан. 1992-93 йилларда Тожикистоннинг ҳозирги ҳукуматига ҳокимият тепасига келишга ёрдамлашган, 1997 йилда тожик полковниги Маҳмуд Худойбердиев исёни бостирилгандан кейин Ўзбекистонга қочиб кетган кишилар ўша ерда “Озод Тожикистон” ҳаракатини тузган эди. Аммо шу кунга қадар бу ҳаракат аъзолари томонидан бирорта оғир жиноят содир этилгани қайд қилинмаган. Қолаверса, мазкур ташкилотнинг аксарият аъзолари тожик зиёлилардан иборат бўлиб, уларнинг асосий мақсади зўравонлик билан ҳокимиятга эришиш эмас. Тожикистон демократик тизимга асосланган давлат сифатида сиёсий партияларнинг эркин фаолияти учун имконият бериши шарт. Акс ҳолда бу сиёсий кучлар яширин фаолият юритишга мажбур бўлади”, - деди.
XS
SM
MD
LG