Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:14

Адлия вазирлиги маълумотларига ишонса бўладими?


Ўзбекистон адлия идоралари ўтган олти ой давомида тадбиркорлар ва хорижий сармоядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида қонунбузарларга нисбатан 6 минг мартага яқин таъсир чоралари кўрган.

Натижада 3 мингдан ортиқ мансабдор шахс интизомий жавобгарликка тортилиб, улардан 232 нафари ишдан бўшатилган.

Адлия вазирлиги маълумотларига асосланиб “Регнум” ахборот агентлиги бу ҳақда хабар тарқатди.

Агар бу рақамларга ишонилса, Адлия вазирлиги ҳақиқатан ҳам тадбиркорлар ва хорижий сармоядорлар манфаатларини зўр бериб ҳимоя қилаётгандек кўринади.

Сиёсатшунос Тошпулат Йўлдошев Ўзбекистон шароитида олти ой давомида 232 мансабдор шахснинг ўз вазифасидан олиб ташланиши ҳар доим ҳам ошкор этилмайдиган фактлардан саналишини таъкидлади.

“Агар шундай бўлса, Адлия вазирлиги қилаётган ишлар таҳсинга сазовор. Чунки тадбиркорлар тепасида ўндан ортиқ ташкилот назорат ўрнатиб олган. Бунинг ичида милиция ва прокуратура ҳам бор. Бундан ташқари, солиқ инспекцияси, божхона, банк ҳам уларни қаттиқ назорат қилади. Шу сабабли Ўзбекистонда ишлаётган тадбиркорларнинг ҳар бири, агар иложи бўлса, ўз бизнесини хорижга кўчиришга тайёр. Чунки бу тадбиркорларга эркин ишлагани имкон берилмайди. Менимча, шуни назарга олиб, Адлия вазирлиги оз бўлса-да, тадбиркорларни тинчлантиришга ҳаракат қиляпти”, - деди Т.Йўлдошев.

Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан мунтазам шуғулланиб келаётган адвокат Руҳиддин Комилов эса Адлия вазирлиги берган маълумотларга ишончсизлик билан қаради.

“Адлия вазирлигининг тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси бор. Мен ўтган йили бир тадбиркорнинг иши билан шу бошқармага мурожаат қилдим. Лекин тадбиркорнинг манфаатини ҳимоя қила оладиган ёрдам ололмадим. Бу статистик маълумотлар вазирликнинг ўзи учун яхшидир балки, аммо бу маълумотлар ҳақиқатдан анча йироқ. Ҳозир бу бошқармага Шокиров фамилияли одам бошлиқ қилиб тайинланган. Балки шу одамнинг келиши билан тадбиркорларнинг манфаатларини ҳимоя қилишда бир ўзгаришлар бўлаётгандир!? Бироқ олдинги фаолиятига мен танқидий баҳо берган бўлардим”, - деди адвокат.

Р.Комилов сўзларига кўра, Адлия вазирлиги ҳозир олиб бораётган ишлар нисбий адолат мезонида ўлчанади. Яъни бу вазирликда ҳақиқатни топиш мушкул. Чунки ҳақиқий мансабдор шахслар қонунни бўзса, уларга вазирликнинг тиши ўтмайди.

Тошпўлат Йўлдошев фикрича эса Адлия вазирлигининг 232 мансабдор ишдан бўшатилгани ҳақидаги хабарни тарқатиши президент сайлови олдидан мамлакат ҳукуматига обрў олиб бериш учун қилинаётган сайловолди ҳаракатларидан бири бўлиши мумкин.
XS
SM
MD
LG