Линклар

Нурсултон Назарбоевнинг яна бир куёви шаънига айбловлар ёғилди


Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг эндиликда собиқ тўнғич куёви Роҳат Алиев атрофидаги можаролар тинмай туриб, унинг ўртанча куёви Тимур Қулибоевнинг ҳам қабиҳ ишларга дахлдорлиги даъво қилинмоқда.

Қозоғистон Адлия вазирлиги расмий рўйхатга олмай келаётган “Отамакон” партияси раҳбари Ержон Дўсмуҳаммедов Т.Қулибоев мухолифат етакчиси Олтинбек Сарсенбоев ўлимида дахлдор бўлиши мумкинлигини иддао қилмоқда. Е.Дўсмуҳаммедовнинг Т.Қулибоев хатти-ҳаракатларидан шикоят қилиб Н.Назарбоевга йўллаган очиқ хати куни-кеча оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди.

Е.Дўсмуҳаммедов президентнинг тўнғич куёви “Отамакон”ни рўйхатдан ўтказиш эвазига ундан Н.Назарбоевга бир умр содиқ бўлиш ҳақида тилхат ёзиб беришни ва Қуръонга қўл қўйиб қасам ичишни талаб қилганини ёзади.

Партия раҳбарининг даъвосича, шундай талабни бажармаган мухолифат етакчиси Олтинбек Сарсенбоев ҳам президент ва оила аъзоларини кескин танқид қилавергани сабабли ўлдирилган.

Қозоғистондаги мухолифат етакчиси Олтинбек Сарсенбоев ўз қўриқчиси ва ҳайдовчиси билан бирга 2006 йилнинг бошида ўлдириб кетилганди. Унинг ўлимида Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг бир неча ходими айбдор топилганди.

Мухолифат вакиллари, жумладан, “Ҳақиқий оқ йўл” партияси аъзоси Рисбек Сарсенбоев мазкур қотилликда президент ва оила аъзоларининг дахли борлигини иддао қилиб келади.

“Олтинбекнинг ўлими жуда сирли тарзда содир бўлди. Унинг ўлимида, аввало, президент ва оила аъзоларининг қўли бор. Шу сабабли мухолифат Назарбоевдан тортиб, то унинг тўнғич қизи Дариға Назарбоева, собиқ тўнғич куёви Роҳат Алиев ва ўртанча куёви Тимур Қулибоевни сўроқ қилишни талаб қилган эди. Аммо биз ҳалигача ҳақиқат тагига ета олмаяпмиз”, - деди мухолифатчи.

Мустақил сиёсатшунос Дўсим Сатпаев Олтинбек Сарсенбоев ўлимига алоқадор одамлар жазоланганига қарамай, қотиллик буюртмачилари ҳамон сир бўлиб қолаётганини таъкидлади.

“Сарсенбоевнинг ўлими худди АҚШ президенти Жон Кеннедининг ўлими сингари турли тахминларга бой. Бу қотилликда МХҚ ходимлари айбдор топилди. Аммо буюртмачилар кимлиги ҳамон номаълум. О.Сарсенбоев қўрқмасдан иш тутар, президент ва яқинларини танқид қиларди. У бир вақтлар Назарбоевга жуда яқин, унинг ҳаракатларидан хабардор одам бўлган. Бу қотилликда президент оила аъзолари, давлат раҳбарининг ўртанча куёви Тимур Қулибоевнинг ҳам қўли бўлиши мумкин”, - деди Д.Сатпаев.

Н.Назарбоевнинг ўртанча куёви Т.Қулибоев мамлакатнинг йирик нефть ва газ компанияларига раҳбарлик қилиб келади ва Қозоғистондаги энг бадавлат кишиларидан бири ҳисобланади. “Форбс” журнали маълумотига кўра, Т.Қулибоев ва хотинининг бойлиги 5 миллиард АҚШ долларига тенгдир.
XS
SM
MD
LG