Линклар

Судья Исаев. Виждон амрими ёки...

  • Фаррух Юсуфий

Тошкент шаҳри жиноят ишлари суди судьяси Зокиржон Исаев Ўзбекистон президенти Ислом Каримов номига навбатдаги очиқ хат билан мурожаат қилиб, ўзининг ишдан бўшатилишини сўради.

З.Исаев номидан эълон қилинган биринчи очиқ хат ўтган ой охирларида пайдо бўлди. “Ўзметроном” сайтида босилган мактуб мустақил Ўзбекистон суд тизими учун мисли кўрилмаган воқеа бўлди. Чунки судья З.Исаев ўзбекистонликлар ва халқаро ташкилотларга йўллаган очиқ хатида Ўзбекистон ҳокимиятининг юқори доираларини очиқдан-очиқ коррупцияда айблади.

Хусусан, З.Исаев ҳокимиятга бевосита ва билвосита алоқадор бўлган кишилардан иборат жиноий гуруҳ ўз мавқеидан фойдаланиб давлатга катта миқдорда зарар етказгани ҳақида ёзган эди. Мазкур жиноят юзасидан ўтказилган судга раислик қилган З.Исаев бу иш юзасидан адолатли ҳукм чиқармоқчи бўлганида ўзини таъқиб қилиш бошланганини айтган.

Биринчи хатда судья судда кўрилган ишни қайта терговга юбориш ва қатор амалдорларни жиноий жавобгарликка тортиш ҳақида чиқарган қароридан кейин ўзига президент девони ва прокуратурадан қўнғироқ қилишиб, очиқ таҳдидлар бўлгани ҳақида ёзади. Шунингдек, у ўз очиқ хатларида президент Ислом Каримов сиёсатини тўла қўллаб-қувватлаши ва бу сиёсатдан эзгу ниятлар кўзланганига ишонишини ҳам таъкидлаб келмоқда.

Душанба куни эълон қилинган иккинчи очиқ хатида З.Исаев президентдан ўзини эгаллаб турган вазифасидан озод қилишни сўраган.

Шу ерда З.Исаев ҳақида қисқача маълумот бериш жоиз бўлади. У Андижон воқеаларидан кейин ўтказилган бир неча суд мажлисларига раислик қилган.

Ўзбекистонлик адвокат Руҳиддин Комиловнинг таъкидлашича, З.Исаев шов-шувли жуда кўп суд жараёнларига раислик қилган, лекин бирор иш юзасидан холис ҳукм чиқармаган.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов ҳам З.Исаев раислик қилган судларда адолатли ҳукм чиқарилганини эслай олмаслигини билдирди.

З.Исаевнинг номидан битилган очиқ хатлар эълон қилина бошлагандан бери судьянинг ўзи билан боғланишга бўлган ҳаракатлар бесамар қоляпти. У очиқ хатларини фақатгина “Ўзметроном” сайтига юбормоқда.

З.Исаев шу пайтгача холис ҳукмлар чиқаргани билан танилмаган бўлса, нега бирданига ҳокимиятнинг юқори доирларини очиқдан-очиқ жиноятларда айблай бошлади? Адвокат Р.Комилов судьяни виждон азоби қийнай бошлаган бўлиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмайди.

Ўзбекистон адлия тизимида узоқ йиллар ишлаган, ўз исми ошкор этилишини истамаган суҳбатдошлардан бири эса порахўрлик ва коррупцияга муккасидан кетган Ўзбекистон суд тизимининг бир қисми бўлган бу судьянинг бирданига виждон амри бўйича иш тутишига ишониш қийинлигини айтди.

Унинг сўзларига кўра, З.Исаевнинг очиқ хатларига унинг аламзадалиги сабаб бўлган, яъни Андижон воқеаларидан кейин ўтказилган суд жараёнларида у ҳукумат буюртмасига кўра ҳукмлар чиқариб, бунинг эвазига ўзининг лавозим поғонасидан кўтарилишини кутган. Ҳукуматдан мурувват бўлмаслигини сезганидан кейин эса судья бундай очиқ хатларни эълон қилиш билан ўзига эътибор қаратмоқчи бўлаётган бўлиши мумкин.

З.Исаев президент номига йўллаган иккинчи очиқ хатини ўзининг истеъфога чиқиш аризаси сифатида тақдим этди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати вакиллари “Озодлик” мухбирига С.Исаевнинг истеъфо тўғрисидаги аризаси ҳали президент девонига келиб тушмаганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG