Линклар

Душанбе-Тошкент йўловчи поезди қатновини тиклаш режалаштириляпти

  • Гулнора Равшан

“Тожикистон темир йўллари” давлат унитар корхонаси масъуллари соҳадаги муаммолар ечим топмаётганига бош айбдорлардан бири сифатида ҳануз Ўзбекистон томонини кўрмоқда.

“Тожикистон темир йўллари” бошлиғи ўринбосари Владимир Сопкалов Ўзбекистон томони Тожикистон темир йўл соҳасига жуда катта иқтисодий зарар етказаётганини маълум қилди.

Унинг айтишича, Ўзбекистон ҳудудидан бошқа давлатларга, ҳатто Тожикистон шимолига қатнаётган йўловчи поездларнинг 94 фоизи белгиланган вақтдан беш-олти соат кечикиб бормоқда.

“Тожикистон йўловчи поездларининг барчаси Ўзбекистон томонидан ноқонуний тарзда тўхтатиб қолинмоқда. Албатта, корхонамиз бошлиғи Омонулло Ҳукумов мавжуд муаммолар юзасидан бир неча бор Ўзбекистон ҳукуматига расман мурожаат этган. Аммо мурожаатларимиз натижасиз қолдирилгач, Марказий Осиё давлатлари темир йўллари раҳбарларининг жорий йил Остона шаҳрида бўлиб ўтган 46-йиғилишида бу масала муҳокамага қўйилди. Айни пайтда Ўзбекистон йўл қўйган ноқонуний хатти-ҳаракатлар ҳар ўн кунликда минтақа темир йўллари раҳбарлари кенгаши томонидан ўрганилмоқда. Бундан сўнг поездларнинг марказий кенгаш томонидан тузилган умумий жадвалини бузган давлат учун маълум миқдорда жарима белгиланиши режалаштирилган”, - деди В.Сопкалов.

В.Сопкаловнинг таъкидича, Россия шаҳарларига қатнаётган Тожикистон поездлари учун Туркманистон, Қозоғистон ҳудудида ҳеч қандай муаммо туғдирилмайди. Аммо Ўзбекистон томони транзит поездларни асоссиз ушлаб туради.

Душанбе-Хўжанд поезди йўловчилари ҳам мазкур поезд Ўзбекистон ҳудудида жуда кўп ушланиб қолишини айтади.

“Чегарачилар, Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари, милиция ва яна қандайдир хизмат вакиллари уч-тўрт маротаба поездни тинтиб чиқади. Йўловчиларга дағаллик қилишади, ҳатто пул ҳам олишади. Ахир бу поезд транзит ва бунинг учун ҳукуматимиз Ўзбекистонга маълум миқдорда пул тўлайди-ку!? Нега уларнинг йўловчиларга туғдираётган ноқулайликларига чек қўйиш учун ҳеч қандай чора кўрилмайди”, - дейди Шуҳрат исмли йўловчи.

Аммо Тожикистон темир йўллари масъулларидан бири Назрихон Зоиров ўзбек-тожик темир йўлларида мавжуд муаммолар яқин кунларда ҳал бўлишига ишонч билан қарамоқда.

“Биз расмий Тошкент билан музокаралар ўтказиб, Душанбе-Тошкент йўловчи поезди қатновини тиклашни режалаштиряпмиз”, - деди Назрихон Зоиров.

Мустақил кузатувчилар Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик бесамара кетаётганига фақат бир томонни айблаш адолатсиз бўлишини таъкидламоқда.

Мустақил кузатувчи Туйғун Каримов фикрича, Тожикистон ҳукумати Ўзбекистон билан олди-берди масаласида “отдан тушса ҳам эгардан тушмас” қабилида иш кўради.

“Фикримча, аксарият ҳолларда икки давлат раҳбарларининг такаббурлиги боис давлатлараро сиёсий, иқтисодий ҳамда ижтимоий масалалар ўз ечимини топмай қолмоқда. Ислом Каримов ва Имомали Раҳмон ўртасидаги ўзаро муносабатлар илиқлашмагунча, чегара ва темир йўл муаммолари бошқа муаммолар сингари ечимини топмай қолаверади. Натижада нафақат бу икки давлат, балки Марказий Осиёнинг бошқа мамлакалари ҳам иқтисодий-ижтимоий зарар кўраверади”, - деди Т.Каримов.
XS
SM
MD
LG