Линклар

Шошилинч хабар
04 май 2024, Тошкент вақти: 22:40

Ҳуқуқлари бузилган ўзбекистонликлар Қозоғистондан нажот қидираётир


Қозоғистондаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари сўнгги йилларда уларга ўз юртида ҳуқуқлари поймол этилаётган кўплаб ўзбекистонликлар мурожаат қилаётганини билдирмоқда.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ҳуқуқлари бузилган ўзбекистонликлар ҳақиқатни қўшни Қозоғистондан излашга ҳаракат қилаётир. Самарқандлик Ойниса опа ҳам ўз юртида ҳақиқат топмай, Олмаотадаги ҳуқуқ ҳимоячиларидан нажот изламоқда.

Аёлнинг Самарқанддаги заводда токар бўлиб ишлаган ўғли 2005 йилда ваҳшийларча ўлдириб кетилган.

“Болам иш хонасида иш вақтида уриб ўлдирилган. Унинг соғ аъзоси қолмаган. Қўли ва оёқларида асфальтда судраганлик излари қолган”, - дейди Ойниса опа.

Опанинг сўзларига кўра, пешин вақтида калтакланган фарзанди кечки соат 8 ларда шифохонага милиция ходимлари томонидан тайин яшаш жойи йўқ шахс, яъни дайди сифатида ташлаб кетилган. Ўғли олган жароҳатлари туфайли шифохонада жон берган. Суд тиббиёт экспертизаси марҳум қаттиқ жисм билан урилгани оқибатида вафот этгани ҳақида хулоса берганига қарамай, Самарқанддаги ҳуқуқ-тартибот органлари бу ҳолат юзасидан текширув ўтказишдан бош тортган.

“Ёзмаган, мурожаат қилмаган жойим қолмади. Турли ташкилотлардан 65 тами, 67 тами жавоб олдим. Прокуратура ходимларидан бири қаерга бориб арз қилсам қилаверишимни, барибир фойдаси йўқлигини айтди. Хуллас, ҳеч ким қотилларни топишга уриниб ҳам кўрмади. Бу ёқда ўғлимнинг икки боласи етим қолди”, - дейди Ойниса опа.

Ўзини қабул қилишларини сўраб прокуратурадан қонуний ҳаққини талаб қилган аёлнинг ўша ердан руҳий касалликлар шифохонасига мажбуран олиб кетилганига бевосита гувоҳ бўлган Ойниса опа ўз бошига ҳам шундай кун тушмаслиги учун ҳатто эҳтиёт чораларини кўриб қўйишга ҳам мажбур бўлган. Яъни у шифохонага бориб, руҳий касал эмаслиги ҳақида маълумотнома олиб қўйган.

Хельсинки инсон ҳуқуқлари қўмитасининг Олмаота бюроси раҳбари Нинель Фокина бу ташкилотга ўз юртида ҳуқуқлари поймол этилаётган кўплаб ўзбекистонликлар мурожаат қилиши, аммо бюро Қозоғистон ҳудудида инсоний ҳуқуқлари бузилган кишиларгагина ёрдам бериши мумкинлигини айтади.

“Биз Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ёрдам бера олмаймиз. Улар ўз юртидаги инсон ҳуқуқлари ташкилотларига мурожаат қилиши керак. Аммо Ўзбекистондаги ҳамкасбларимизнинг вазияти ҳавас қиларли эмас. Қолаверса, ҳозир Қозоғистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволи ҳам Ўзбекистон ва Туркманистондагига тенглашиб қолган. Ташкилотимиз 3 йил аввал бу ҳақда огоҳлантирган эди. Биздаги биргина фарқ шуки, ҳуқуқи бузилган одамлар хоҳлаган ҳуқуқ-тартибот идорасига очиқ мурожаат қилиши мумкин. Қароргоҳи Венада жойлашган Хельсинки инсон ҳуқуқлари қўмитаси йиллик ҳисоботларида Беларус, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистон доимо инсон ҳуқуқлари вазияти энг ёмон давлатлар қаторида туради”, - деди Нинель Фокина.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов ҳам Ўзбекистондаги вазият жуда ачинарли эканини таъкидлади.

“Ҳозир Ўзбекистонда деярли 28 миллион аҳоли бўлса, деярли ҳаммасининг ҳуқуқлари бузиляпти. Оддий фуқаро қайси бир ҳуқуқ-тартибот органига мурожаат қилмасин, унга ҳеч ким ёрдам бермаяпти. Ўзбекистонда ҳеч бир давлат тузилмаси тўғридан-тўғри инсон ҳуқуқлари бўйича ишлаётгани йўқ”, - деди С.Икромов.
XS
SM
MD
LG