Линклар

Ўзбекка ўз юртида ҳам кун йўқ

  • Садриддин Ашур

Ўзга юртларда калтакланиб, хўрланиб, оғир шароитларда меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар ватанига қайтишда ўз юртдошлари бўлмиш милиция ва божхона ходимларини томонидан талонга қолмоқда.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи ана шундай талонда қолган ўзбеклардан бири бўлмиш Феруза Тожибоева бошдан кечирган аччиқ ҳақиқатлар ҳақида хабар тарқатди.

Қўқонлик 40 ёшли Ф.Тожибоева эри, акалари, келини, жами 7 киши бўлиб шу йилнинг февраль ойида иш излаб Россиянинг Калуга шаҳрига борган. Бу ерда бир уйни ижара олишган. Эркаклар қурилишларда турли ишларда меҳнат қилган, хотинлар эса фаррош, сабзавот тозаловчи бўлиб ишлаган.

Ф.Тожибоева “Озодлик” мухбири билан суҳбатда фаррош бўлиб ишлаб ҳам ўз юртидагидан кўра анча яхши пул топганини айтади.

“Фаррош бўлиб ишлаганимда бир ойга 2500 рубль, яъни 100 долларга яқин пул беришарди. Бир килограмм пиёз арчиб берганимга 2 рублдан олдим. Кунига 150 рублдан пул топардим”, - дейди Ф.Тожибоева.

Унинг айтишича, Россияга Марказий Осиёдан борганларнинг ҳаммаси қора меҳнат билан шуғулланади. Бунинг устига, маҳаллий халқ уларни хушламайди. Апрель ойида акаларини маҳаллий ёш йигитлар аёвсиз калтаклаган.

“Икки акам ўрмонзор оралаб ишдан қайтиб келаётганида ўн чоғли рус йигити уларни тутиб олиб роса калтаклаган. Кичик акам қочиб улгурган, каттасининг эса бошига қаттиқ нарса билан уришган. Акам бир ярим ой шифохонада ётди. Боши операция қилинди. Бутун топган-тутганимизни шунга сарфладик”, - дейди Ф.Тожибоева.

Ўзга юртларда ишлаб ҳам кун кўра олмаган бу ўзбекистонликлар оиласи ночор қолгандан сўнг ватанига поездда пулсиз қайтишга мажбур бўлган.

Ф.Тожибоеванинг сўзларига кўра, улар Россияда кўриб юрган эски телевизорни ўзлари билан бирга олиб қайтаётганда ўз ватандоши бўлмиш милиционер ва божхоначилар таъмагирларига дуч келган. Тошкентга кираверишдаги Келес станциясида божхоначи юк пулини сўраган, акс ҳолда телевизорни олиб қолмоқчи бўлган. Узоқ ялиниб-ёлворишлардан кейингина божхоначи инсофга келган.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг таъкидлашича, божхоначи, чегарачи ва милиция ходимлари ўзга юртларда мардикорлик орқасидан 3-4 танга топган ҳамюртларига ҳам шафқат қилмайди. Арзимаган баҳоналар билан улардан пул юлишга ҳаракат қилади.

Расмий маълумотларга кўра, бугунги кунда Ўзбекистондан ташқарида 800 минг киши, норасмий маълумотларга кўра эса 2,5 миллиондан 3 миллионгача одам мардикорлик билан шуғулланмоқда.
XS
SM
MD
LG