Линклар

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов мамлакатда ғалла мавсуми якунлангани муносабати билан ғаллакорларга советлар руҳидаги табрик йўллади.

Ўз табригида И.Каримов мамлакат хирмонига 6 миллион 250 минг тонна буғдой топширишга муваффақ бўлган барча деҳқон ва фермерларга миннатдорлик билдирди.

Лекин ҳукумат жорий йилда ғалла режасини бажариш мақсадида мисли кўрилмаган мажбурлаш чораларини амалга оширгани ҳам айтилади.
Шунинг учун ҳам президентнинг ғаллакорларга табриги советлар даврини эслатувчи туйғуларни қитиқлаётгандек.

Мухолифат вакилларининг айтишича, Ўзбекистоннинг қарийб 17 йиллик мустақиллик даври қишлоқ хўжалигидаги жиддий ислоҳотларсиз кечди. Деҳқонни давлатга тобеликдан озод қилмаган ислоҳотлар унинг қорнини тўйдирмади.

Президент айтаётган ғалла ҳосили ҳажми борасида ҳам жиддий шубҳалар йўқ эмас.

Мухолифатдаги “Озод деҳқонлар” партияси етакчиси Нигора Ҳидоятова сўзларига кўра, жорий йилда, аксинча, ҳосилдорлик яхши бўлмагани маълум.

“Авторитар тузумининг ўзига хос хислати алдаш ва сохталаштиришдир. Давлат буюртмаси, иқтисодиёт қонунларидан ташқаридаги мажбурлаш усули қўшиб ёзишнинг асосий сабаби ҳисобланади. Совет Иттифоқида кузатилган айни вазият Ўзбекистонда сақланиб қолмоқда”, - деди у.

Н.Ҳидоятова президент табригини ўқиб, фақат деҳқоннинг ҳолига ачинишдан бошқа чора йўқлигини билдирди.

Мухолифат вакилларининг айни даъволарини жойлардаги кўпчилик фермер деҳқонлар ўз тажрибаларига таяниб тасдиқламоқда.

Жиззахлик фермер Маъмуржон ака жорий йилда ўзининг бошқа фермерлар қатори давлатдан бир тоннага яқин буғдой қарз бўлиб қолганини айтди.

“Об-ҳаво сабабли фермерлар учун оғир йил келди. Жуда кўп фермерлар ғалла режасини бажара олмади. Режани бажармаган фермерларга ички ишлар ва прокуратура томонидан жуда кучли тазйиқлар ўтказилди. Кечаси 12 да ҳам олиб кетиб, қандай йўл билан бўлмасин, бозордан сотиб олсанг ҳам режани бажарасан, деган талаблар бўлди”, - дейди Маъмуржон ака.

Маъмуржон аканинг айтганлари Ўзбекистон қишлоқ хўжалик соҳасида ҳақиқий ислоҳотлар ўтказиш масаласига бориб тақалаверади. Ўзбек деҳқоннинг нима экиши ва қанча ҳосил олиб, неча пулдан давлатга топшириши - барчаси-барчаси давлат томонидан белгилаб қўйилган.

Президент ўз табригида етиштирилган ғалла ҳосили эл-юрт дастурхонини тўлдириб, одамларнинг эртанги кунга ишонч туйғусини мустаҳкамлашини айтган. Лекин Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳининг Марказий Осиё бўйича етакчи таҳлилчиси Майкл Ҳолл етиштирилган буғдой ҳосили ҳам пахта ва пилла сингари ҳукуматга яқин одамларнинггина чўнтагини тўлдиришини таъкидлайди.

“Натижалар эҳтимол яхшидир, маҳсулот серобдир, лекин барчаси тўғридан-тўғри ҳукумат, Каримов режими ва унга яқин элита қўлига тушмоқда. Афсуски, жойлардаги одамларга ҳеч нарса тегмайди”, - дейди Майкл Ҳолл.

Мухолифатнинг деҳқонларга бериб келаётган асосий ваъдаси ҳам уларга ёрдам бериш эмас, шунчаки уларни ўз ерлари билан ўз ҳолига қўйишдир.
XS
SM
MD
LG