Линклар

Олимлар ҳамкорлигига тўсиқлар мавжуд

  • Гулнора Равшан

Ўзбекистон ва Тожикистон олимлари биргаликда анча-мунча илмий тадқиқотлар ўтказаётганига қарамай, бу ҳамкорлик кўлами кенгайишига айрим муаммолар тўғаноқ бўлиб турибди.

Тожикистон Фанлар академияси президенти Мамадшо Илолов глобал иқлим исиши Марказий Осиё давлатлари учун ҳам муаммолар туғдираётганини таъкидлар экан, бу ўринда минтақа давлатлари, жумладан, Ўзбекистон ва Тожикистон олимларининг ўзаро ҳамкорлиги жуда зарурлигини билдирди.

“Помирдаги Федченко музлигининг 30 фоизи эригани тўғрисида кўп гапириляпти. Бу музлик Марказий Осиёдаги асосий сув манбаи ҳисобланади. Унинг эриб йўқ бўлиши нафақат Тожикистон, балки қўшниларимиз, жумладан, Ўзбекистон учун ҳам катта иқтисодий зарар етказиши, минтақада қурғоқчилик келтириб чиқариши табиий. Бундан ташқари, Тожикистон алюминий заводининг икки давлат чегараолди ҳудудларига зарар етказаётгани ҳақидаги баҳслар ҳануз тингани йўқ. Фикримча, минтақа олимлари якка-якка ҳолда бу муаммоларни ҳал эта олмайди. Шуни назарга олган ҳолда муаммоларни биргаликда ўрганишимиз ва зарур чоралар кўришимиз лозим”, - деди М.Илолов.

Тожикистон Астрофизика институти директори Хурсанд Ибодинов тожикистонлик олимлар яқинда Самарқанд шаҳрида бўлиб, Мирзо Улуғбек номидаги астрономия институти билан ўзаро ҳамкорлик шартномаси имзолаганини маълум қилди.

“Шартноманинг мақсади астрономия соҳасида бир-биримизни тўлдиришдан иборат. Бизда бор имкониятлар ўзбекистонлик олимларда йўқ. Уларда бор техник жиҳозлар эса бизда йўқ. Масалан, Ўзбекистонда астрофизика соҳасида етарли даражада фан номзодлари, олимлар етишмайди. Улар докторлик диссертацияларини Олмаота шаҳрига бориб ҳимоя қилади. Биз ўзбекистонлик биродарларимизга Тожикистонда диссертация ҳимоя қилишни таклиф этдик. Улар рози бўлди. Мазкур шартнома асосида кадрлар тайёрлаш ва астрофизик илмий тадқиқотларда ҳамкорлик қилиш режалаштирилди”, - деди Х.Ибодинов.

Тожикистон Гастроэнтерология институти директори Ғиёсиддин Мирожов ҳам Ўзбекистон Давлат иммунология институти олимлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилганини билдирди. Бу ҳамкорликка немис олимлари ҳам жалб этилган.

“Яқинда ўзбекистонлик дўстларимиз бизда меҳмон бўлиб, 15 кун давомида институтимиз лабороториясида ишлаб кетди. Биз ҳам тез кунларда Тошкентга бориш ниятидамиз”, - деди Ғиёсиддин Мирожов.

Икки давлат олимлари ҳамкорлигига салбий таъсир этаётган энг катта муаммолардан бири виза масаласидир.

Тожикистон ФА президенти Мамадшо Илолов икки кунлик илмий анжуманда қатнашиш учун бир ой илгари виза олишга тўғри келишини айтади. У Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонаси ходимлари масъулиятсизлиги туфайли аксарият ҳолларда тожик олимлари халқаро илмий анжуманларда қатнашиш имконига эга бўла олмаётганидан афсус билдирди.
XS
SM
MD
LG