Линклар

Прокуратура милиция маълумотини рад этди

  • Озодлик

Россиянинг Астрахан вилояти прокуратураси куни-кеча вилоятнинг Приволжск туманида қулликдан озод этилгани хабар қилинган 27 ўзбек мардикори аслида қулликда сақланмаганини билдирди.

Астрахан вилояти прокуратурасининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими ходимаси Анна Конеева вилоят ички ишлар бошқармаси бу ҳақда маълумот тарқатишда шошмашошарлик қилганини таъкидлади.

“Приволжск тумани прокуратураси бу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатишни рад этди. Ҳозиргача олинган маълумотларга кўра, у ерда ишлаган барча ўзбекларга вақтида маош тўланган, уларнинг паспортлари олиб қўйилмаган ва қулликда ҳам сақланмаган. Афтидан, Астрахан вилояти ИИБ жуда фаол ишлаëтганини кўрсатмоқчи бўлиб, бўлар-бўлмас маълумотларни тарқатаëтган кўринади”, - деди Анна Конеева.

Астрахан вилояти ИИБ тарқатган хабарда Приволжск туманидаги хусусий корхонада қулларча ишлатилаётган 27 ўзбек озод этилгани таъкидланганди. Хабарда ўзбеклар тинимсиз ишлатилгани, лекин ишига ҳақ тўланмагани, ҳужжатлари олиб қўйилиб, хўжайинларга гап қайтарганлари жазолангани ёзилган эди.

Гарчи прокуратура бу маълумотни рад этаётган бўлса-да, тирикчилик қилиш учун Россияга борган ўзбеклар ўта оғир шароитларда меҳнат қилаётгани, ҳеч қандай ҳимоясиз экани сир эмас.

“Хор бўлиб юрибмиз. Ҳамма ўзбекистонликлар хор бўлиб юрибди. Қорни оч, ëтадиган ери йўқ... Ўзбекистондан одамларни алдаб олиб келиб, кейин сотиб юборишади. Қизлар ҳам олиб келиб фоҳишалар уйига тиқилаëтганига гувоҳ бўляпмиз”, - дейди Россияда ишлаётган ўзбекистонлик Рустамжон.

Россиядаги “Фуқаровий кўмак” инсон ҳуқуқлари ташкилоти ходими Баҳром Ҳамроев Ўзбекистон ҳукумати четда юрган фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилмас экан, вазият яхшиланмаслигини билдирди.

“Халқини қамчи остида ушлаб турган Ўзбекистон ҳукумати Россия ҳукуматидан ўзбек фуқароларини ҳимоя қилишни сўраши мантиқсиз”, - дейди Б.Ҳамроев.

Эслатиб ўтамиз, Россия бош вазири биринчи ўринбосари С.Ивановнинг Тошкентга сафари давомида Москва ва Тошкент расмийлари учрашувида ноқонуний миграцияга қарши кураш, миграция тартибини бузган шахсларни ўз мамлакатига қайтариш ва меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақида ҳукуматлараро келишув имзолаган эди.
XS
SM
MD
LG