Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:38

Андижонлик қочқинлар Чехияда ҳибсда сақланмоқда


Германияда бошпана топган андижонлик қочқинлар Омонулло Мақсудов ва Зоҳид Мирзоев 3 июль Чехия-Германия чегарасини кесиб ўтиш пайтида Чехия маъмурлари томонидан ҳибсга олинди.

Андижон воқеалари чоғида ўқ ёмғири остида ўзбек-қирғиз чегарасига етиб келган юзлаб андижонлик қаторида О.Мақсудов ва З.Мирзоев ҳам бўлган. Улар БМТ қочқинлар идораси кўмагида Қирғизистондан Руминияга олиб келинган. Кейин эса уларга Германияда қочқинлик мақоми берилган.

О.Мақсудов ва З.Мирзоев икки ҳафта муқаддам Германиядан Чехияга ўтаётганида Ўзбекистоннинг Интерполга берган сўрови асосида ҳибсга олинган. Айни пайтда улар Чехиядаги Плзен ҳибсхонасида ушлаб турилибди.

Қочқинларнинг адвокати Виктор Шупнинг айтишича, Чехия суди Ўзбекистоннинг О.Мақсудов ва З.Мирзоевни экстрадиция қилиш ҳақидаги сўрови асослилиги ўрганиб чиқилгунга қадар уларни ҳибсда ушлаб туришга қарор қилган.

Маълум бўлишича, қочқинлар Руминияда бошпана топган қариндошини кўриб келиш учун Чехия орқали йўлга тушган.

“Руминияда бир ҳамюртимиз қолиб кетган. Ўзи якка, ҳам касал. Бир-иккитаси бориб, кўнглини кўтариб келмоқчи эди. Улар Чехияда виза олиб, Руминияга ўтмоқчи эди”, - дейди О.Мақсудовнинг Германиядан бошпана топган отаси.

Маълумотларга кўра, Чехиядан бошпана олган бошқа бир ўзбек қочқини ҳам О.Мақсудов ва З.Мирзоев билан бирга бўлган. Чех полицияси уни қўйиб юборган.

Мана шу қочқиннинг сўзларига кўра, чегарадаги текширув пайтида шериклари Интерпол қидирувига берилгани маълум бўлган ва шунинг учун ҳибсга олинган.

“Мен полициячиларга биз ҳам Интерпол қидирувидаги одам эканимизни, бу ердан бошпана олганимизни тушунтиришга ҳаракат қилдим, фойдаси бўлмади”, - дейди қочқин.

Адвокат Виктор Шуп қочқинларнинг Ўзбекистонга топширилиши хавфи йўқ эканини билдирди. Чунки уларнинг ҳар иккаласи Германияда, жумладан, О.Мақсудов Дюссельдорфда ва З.Мирзаев Нюрнбергда қочқинлик мақоми бўйича яшаш ҳуқуқига эгадир.

“Бизнингча, Чехия ҳукумати уларни Ўзбекистонга экстрадиция қилмайди. Уларга у ерда ўлим хавфи бор”, - деди адвокат.

Германия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, вазирлик қўлга олинган андижонликлар иложи борича тезроқ озод этилишини сўраб аллақачон Чехия ҳукуматига мурожаат қилган.

“Ҳьюман райтс вотч” ташкилотининг Германиядаги вакили Марианна Хойваген “Ўзбекистон ҳукумати Андижон қирғини ва режим танқиди қурбонларига тазйиқлар ўтказишда ҳамон халқаро институтлар ва ташкилотларни ишга солишга имкон топаётгани”дан таассуф билдирди.

“Германияда тегишли мақомга эга бўлган қочқинларнинг ўзлари паноҳ топган жойда шу куйга солиниши ташвишлидир”, - деди М.Хойваген.

25 ёшли О.Мақсудов Акром Йўлдошевнинг Гулмира исмли катта қизига уйланган. Ўзбекистон А.Йўлдошевни “акрамия” оқими етакчиси, деб билади ва уни диний экстремизмда айблаб ҳибсда сақламоқда.
XS
SM
MD
LG