Линклар

logo-print

“Нурбанк” иши бўйича янги ҳибслар


Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари Олмаота шаҳри молия полицияси ҳамда коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти раҳбарларини ҳибсга олди.

Молия полицияси раҳбари Владимир Курбатов ҳамда коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти бошлиғи ўринбосари Талгат Аубакиров “Нурбанк”нинг собиқ раҳбарлари ғойиб бўлиши юзасидан ўтказилган тергов жараёнига тўсқинлик қилишда айбланмоқда.

МХҚ матбуот котиби Ислом Бекишов В.Курбатов ва Т.Аубакиров ҳибсга олинганини тасдиқлади ва ҳозир улар устидан тергов бораётганини билдирди.

Қизиғи шундаки, Олмаота молия полицияси вакиллари “Озодлик” мухбири билан суҳбатда В.Курбатов ҳибсга олинмагани, у ўз иш жойида эканини маълум қилди.

Маҳаллий матбуотда ёзилишича, бу мансабдорларнинг ҳибсга олиниши “Нурбанк”нинг ғойиб бўлган собиқ раҳбари Жолдас Тимралиевнинг рафиқаси Армонгул Капашева аризаси асосида амалга оширилган.

А.Капашеванинг ўзи ҳам “Озодлик” билан суҳбатда бу маълумотни тасдиқлади.

“Мен ҳақиқатан ҳам молия полицияси ҳамда коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти раҳбарлари ҳаракатларидан шубҳаланиб, МХҚга ариза бердим. Молия вазирлигининг тергов берган айрим ходимлари сўзларидан маълум бўлдики, В.Курбатов ва Т.Аубакиров жиноятнинг барча тафсилотларидан хабардор бўлган. Мен эрим йўқолган куни, яъни 31 январда “Нурбанк” собиқ раҳбарлари банк биносида мажбуран ушлаб турилгани ҳақида ИИБга ариза ёзганман. Молия полицияси раҳбари ўшанда банкда текширув кетаётганини айтган эди. Лекин ҳеч қандай текширув бўлмаган экан. Аслида ўша куни молия полицияси раҳбари бинога МХҚ ходимларини чақиртириб олган. Шундан сўнг эса эрим ғойиб бўлган. Банкнинг барча ходимларига, ҳаттоки котибаларга ҳам бу ерда кўрганлари ҳақида чурқ этмаслик тайинланган”, - деди А.Капашева.

Маълум бўлишича, А.Капашеванинг эри банк биносида мажбуран ушлаб турилгани ҳақида берган аризасини ИИБдан В.Курбатовнинг шахсан ўзи олиб кетган. Аслида қонунан унинг бу ишга аралашишга ҳаққи бўлмаган. Ҳозир молия полицияси раҳбари ҳамда коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти раҳбарлари президент Нурсултон Назарбоевнинг эндиликда собиқ куёви Роҳат Алиевнинг топшириқлари ва манфаатларидан келиб чиққан ҳолда иш тутгани аниқланди.

“Нурбанк” раҳбарлари ўғирланишида айнан Қозоғистоннинг Австриядаги собиқ элчиси Роҳат Алиев бош айбдор ҳисобланмоқда. Қозоғистон Австрия ҳукуматидан айни пайтда Венада уй қамоғида сақланаётган Р.Алиевни ватанига экстрадиция қилишни сўраётир.

“Нурбанк”нинг ғойиб бўлган раҳбарлари эса ҳозиргача топилгани йўқ. Яқинда улар ўлдирилгани ва жасадлари топилгани хабар қилинган, лекин бу ўз тасдиқламаган эди. Кузатувчилар эса жасадлар аллақачон топилгани, аммо Қозоғистонда парламент сайлови ўтгачгина бу ҳақда расман эълон қилинишини билдираётир. Чунки бу жиноятда Р.Алиевнинг қўли борлиги парламент сайлови олдидан президент Н.Назарбоев обрўсига салбий таъсир этиши мумкин.
XS
SM
MD
LG