Линклар

logo-print

Москва-Лондон муносабатлари ўта таранглашди

  • Барно Анвар

Буюк Британия ҳукумати россиялик тўрт дипломатни мамлакатдан чиқариб юборишини маълум қилгани, Москва эса “муқобил” жавоб бўлишини билдирганидан сўнг юзага келган таранг вазият ҳануз сақланиб турибди.

Россиянинг Британиядаги элчиси Юрий Федотов Лондонда журналистлар билан учрашиб, томонлар ўртасидаги дипломатик муносабатларнинг келажаги мавҳумлигича қолаётгани ва бу муносабатлар келажаги, асосан, Британия ҳукуматининг “сиёсий иродасига боғлиқ” эканини таъкидлади.

Россия элчисининг бу баёноти расмий Москва Лондоннинг хатти-ҳаракатларига тез орада “муқобил” чоралар қўллашини билдирганидан сўнг янграмоқда. Аммо Ю.Федотов жамоатчилик учун ҳануз сир бўлиб қолаётган бу муқобил ҳаракатлар қандай бўлишига ойдинлик киритмади.

Расмий Москва Россия Федерал хавфсизлик хизмати собиқ ходими Александр Литвиненко ўлимида гумон қилинаётган тадбиркор Андрей Луговойнинг Буюк Британияга экстрадициясига рад жавоби бергани икки давлат муносабатлари бугунги аҳволга келишига сабаб бўлди.

Ўлими олдидан А.Литвиненконинг ўзи, кейинроқ эса қочқин олигарх Борис Березовский бу суиқасд президент Владимир Путин кўрсатмаси асосида Андрей Луговой томонидан содир этилганини айтган эди. Буюк Британия махсус хизматлари шу асосда тўпланган бошқа далилларга таяниб А.Луговойни қотилликнинг асосий айбдори сифатида кўрмоқда.

Россия А.Луговойни Лондон ихтиёрига бериш мамлакат конституциясига зид эканини рўкач қилиш билан бирга Буюк Британиянинг ўзи ҳам Россия турли жиноятларда айблаган йигирмадан ортиқ шахсни экстрадиция қилмаганини эслатаётир. Россияга берилмай келаётган шахслар рўйхати аввалида эса Борис Березовский турибди.

Россиялик таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Светлана Ганнушкина агар қўйилаётган айблар асосли бўлса, А.Луговойни Буюк Британияга бериш тарафдори.

“Мутлақ ойдинки, бир инсонни йўқ қилиш операциясини амалга ошириш жараёнида кўплаб инсонларнинг ҳаёти хавф остида қолиши аввалдан яхши англанган. Шундай бўлса-да, агар Россия томони келтираётган асослар жиддий бўлса, у ҳолда россиялик адвокатларнинг Луговойни ҳимоя қилишига ким тўсқинлик қилади! Яъни Луговойга қўйилаётган гумонлар асосли экан, у Британияга берилиши керак”, - дейди С.Ганнушкина.

Россия томонидан В.Путин ҳукуматини куч билан ағдаришга таҳдид қилиш ва бир қанча йирик иқтисодий жиноятларда айбланаётган Б.Березовский эса одил суд қаршисида жавоб бериш учун учинчи давлатга боришга розилигини билдирган. Айни вақтда Буюк Британияда чоп этиладиган “The Sun” газетаси инглиз махсус хизматлари Б.Березовскийга уюштирилиши муқаррар суиқасднинг олдини олишга муваффақ бўлганини маълум қилди.

Газетанинг ёзишича, ёлланма қотил сўнгги икки ҳафта ичида Б.Березовскийни Лондондаги “Ҳилтон” меҳмонхонасига авраб чақириб, ўша ерда уни отиб ўлдиришни режалаштирган.
XS
SM
MD
LG