Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:06

Ўзбекистон расмийлари Пўлат Охуновни мажбуран ниятига етказмоқчи кўринади


Ўзбекистоннинг мухолифатдаги “Бирлик халқ ҳаракати” партияси раиси ўринбосари Пўлат Охунов, мана бир неча ойдирки, Андижондан бошқа жойга чиқа олмаяпти.

1995 йилда Швециядан бошпана олган ва у ерда оиласи билан яшаб келаётган П.Охунов Ўзбекистон фуқаролигидан воз кечмаган. У шу йилнинг март ойида 45 ёшга тўлиши муносабати билан фуқаролик паспортини алмаштиргани Андижон вилоятининг ўзи туғилиб ўсган Шаҳрихон шаҳрига келган эди.

П.Охуновнинг айтишича, у Ўзбекистонга қонуний равишда кириб келган. Швециядан Москва орқали Тошкентга учган, аэропортдан чегарачилар уни ҳеч қандай муаммосиз ўтказиб юборган.

“Бирлик” вакили паспортини алмаштириш учун Шаҳрихон шаҳри ИИБнинг хорижга чиқиш, кириш ва фуқаролик бўлимига топширган. Мана беш ойдирки, на паспортдан, на П.Охунов мурожаат этган расмий идоралардан жавоб бор. Шу сабабли у нафақат Швециядаги оиласи олдига қайтиш, балки Ўзбекистон ичида эркин ҳаракатланиш имконидан ҳам маҳрум бўлиб қолмоқда.

“Ички ишлар расмийлари ўзаро суҳбатларда ҳужжатим қайтарилмаётгани Ўзбекистонда бўлиб ўтиши кутилаётган президент сайлови билан боғлиқлигини айтмоқда, холос. Улар бу ҳолатни очиқдан-очиқ сайлов билан боғланаётгани Ўзбекистон ҳукумати паспорт режими қоидаларини мухолифатга босим сифатида қўллай бошлаганидан далолатдир”, - дейди П.Охунов.

Шу ўринда П.Охунов билан боғлиқ вазиятга оид бир аниқлик киритишга тўғри келади. Юқорида таъкидланганидек, у 1995 йилда Швециядан сиёсий бошпана олган. Ўзбекистон ҳукумати тазйиқларидан қочиб юрган одам нега юртига қайтди, деган савол туғилиши мумкин.

П.Охуновнинг сўзларига кўра, у 12 йилдан бери Ўзбекистонга биринчи марта келаётгани йўқ. Ўзбекистон билан Ғарб ўртасида муносабатлари илиқлашган пайтларда 2003 йилда П.Охунов қувғинликдан кейин биринчи марта юртига келган. Шундан кейин ҳам яна бир неча марта Ўзбекистонга келиб-кетиб турган ва расмийлар томонидан ҳеч қандай тўсиқларга учрамаган.

“Озодлик” мухбири билан суҳбати сўнггида П.Охунов ўзи бу сафар Ўзбекистонга қолиш ниятида келганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG