Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:12

Тожикистонда порахўрлик тобора авж олмоқда


Жорий йилнинг дастлабки олти ойи давомида Тожикистонда порахўрликда айбланган 297 шахс устидан жиноят иши қўзғатилди, 211 киши турли муддатларга озодликдан маҳрум этилди.

Тожикистон Олий суд раиси Нусратулло Абдуллоевнинг айтишича, порахўрликда айбланиб турли муддатларга озодликдан маҳрум этилганлар, асосан, ҳуқуқ-тартибот идоралари, олий ўқув юртлари, Мудофаа ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари, божхона, банк ҳамда солиқ органлари ходимларидир.

Барча соҳаларда тобора илдиз отаётган порахўрликка қарши кураш мақсадида ўтган йил сентябрда мамлакатда Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши кураш агентлиги ташкил этилган эди. Бироқ бу янги идора фаолияти кутилган натижалар бермаяпти.

БМТ Тараққиёт дастури ва бошқа халқаро ташкилотлар ўтказган тадқиқотларнинг 2006 йилги натижаларига кўра, Тожикистон дунёдаги коррупциялашган давлатлар рўйхатида энг ёмонлар ўнлигига киради.

Мустақил кузатувчилар коррупцияга қарши курашни кучайтириш мақсадида тузилган давлат агентлиги фаолияти самара бермаётгани сабабини бу идоранинг ўзи шаффоф эмаслигида кўради.

Бу агентлик ва ҳуқуқ-тартибот идоралари президент атрофидаги одамлар ёки парламент аъзоларидан бирортаси устидан порахўрлик айби билан жиноят иши очмаган.

Мустақил кузатувчи Абдуғани Мамадазимов бу президент атрофидагилар ва депутатлар коррупциялашмаган, деган маънони англатмаслигини айтади.

“Президент атрофида, вазирлар орасида ҳам нопок одамлар, пора билан лавозимга ўтирганлар кам эмас. Буни оддий халқ ҳам, ўша агентлик масъуллари ҳам яхши билади. Бироқ бу наҳангларни тутиш, уларни жиноий жавобгарликка тортишга агентликнинг тиши ўтмайди. Чунки юқори давлат идоралари амалдорлари ва агентликнинг аксарият ходимлари бир маҳаллада яшайди ва бир партия вакилларидир. Шунинг учун ҳам агентлик ва ҳуқуқ-тартибот идоралари бу масалада хўжакўрсинга ишлайди”, - дейди А.Мамадазимов.

Тожикистонда кун сайин авж олаётган порахўрлик аҳоли фаровонлигига салбий таъсир этиш билан бирга мамлакатда қурилиши режалаштирилган йирик иншоотлар лойиҳасига халқаро сармоя ётқизилишига ҳам жиддий тўсиқ бўляпти.
XS
SM
MD
LG