Линклар

“TeliaSonera” “Коском”нинг эгасини сотиб олди

  • Озодлик

Швеция ва Финляндияга қарашли “TeliaSonera” мобиль алоқа ширкати Марказий Осиë минтақасидаги бир неча мобиль алоқа операторлари эгаси бўлмиш Американинг МСТ корпорациясини 300 миллион долларга сотиб олди.

Ўзбекистондаги “Коском” мобиль алоқа оператори акцияларининг энг катта қисми ҳам МСТга тегишлидир.

“Коском” компанияси матбуот котиби Алексей Минин “Озодлик” мухбири билан суҳбатда “TeliaSonera” МСТни сотиб олганини тасдиқлади.

“Ҳозир ҳужжатлар устида иш боряпти. Жорий чорак охирида шартномалар имзоланади”, - деди А.Минин.

Бундан кейин “Коском” қайси ном остида фаолият кўрсатади, деган саволга А.Минин ҳали бу масала кўтарилмагани, ҳужжатлар расмийлаштирилгандан кейингина аниқ бўлишини билдирди.

МСТ корпорацияси Ўзбекистондагидан ташқари Тожикистон ва Афғонистонда ҳам биттадан мобиль алоқа операторини назорат қилади.

“Advanced Communications & Media” консалтинг фирмаси эксперти Антон Погребинский “TeliaSonera” МСТни сотиб олиб, ривожланаётган бозорга кириш имконига эга бўлганини таъкидлади.

“Ўзбекистонда мобиль алоқа бозорининг ривожланиш ҳолатини инобатга олган ҳолда “TeliaSonera” тиккан пул ўзини оқлайди, дейиш мумкин. Балки бир қарашда скандинавияликлар кўп пул тўлаган кўринар, лекин бу келажакни ўйлаб қилинган ҳаракатдир”, - деди А.Погребинский.

Ҳозир “Коском” Ўзбекистон бозоридаги рақиб компаниялардан анча кучсиз. Масалан, “МТС-Ўзбекистон” ширкати мамлакатда 2 миллион мижозга хизмат кўрсатади. “Билайн”ники эса 1 миллиондан ошиб қолган. “Коском”да бор-йўғи 400 мингдан сал кўпроқ мижоз бор.

“TeliaSonera” тажрибали компания, - дейди А.Погребинский. - Аммо у янги мижозлар жалб этиш учун кўп иш қилиши керак. Тўғри, йил бошида “Коском” 10 кунга ўчириб қўйилгандан кейин МТС ва “Билайн”нинг мижозлари кўпайиб кетди. Агар бу ҳолат қайтарилмаса, “TeliaSonera” Ўзбекистон бозорида бемалол рақобатлаша олади. Қолаверса, бу ривожланаётган бозор”.

410 минг абонентга хизмат кўрсатадиган “Коском” Ўзбекистон мобиль алоқа бозорининг 12 фоизини назорат қилади. Расмий маълумотларга кўра, 2006 йилда унинг даромади 40 миллион АҚШ долларини ташкил этган.
XS
SM
MD
LG