Линклар

logo-print

Мухолифат ҳукмрон партия ҳаракатларидан норози


Қозоғистонда 18 август куни бўлиб ўтилиши кутилаётган парламент сайлови олдидан мухолифатдаги кучлар мамлакатдаги ҳукмрон партиянинг турли ғирромликлари ҳақида бонг урмоқда.

Мухолифат гарчи президент Нурсултон Назарбоев ва унинг раҳбарлигидаги “Нур-Отан” партияси сайлов адолатли ўтишига ваъда берган бўлса-да, аслида ҳозирданоқ маъмурий ресурсларга таяниб, рақиблари оёғидан чалишга уринаётганини билдираётир.

Мустақил журналист Сергей Дуванов эса айни пайтда мухолифатнинг ўзи илгариги сайловлардагидан кўра анча суст эканини таъкидлайди.

“Олдинги парламент сайловида мухолифат ўта ёрқин ва радикал шиорларни олға сурган эди. Бу сафарги парламент сайловида эса мухолифат Н.Назарбоевни кўраётгани йўқ. У фақатгина “Нур Отан” билан курашмоқда. Аслида “Нур Отан” Н.Назарбоевнинг соясидир. Бу сафарги парламент сайловида ҳукумат ва мухолифат ўртасидаги курашни эмас, балки ҳар бир сиёсий партиянинг парламентда муайян ўринни эгаллашга ҳаракат қилаётганини кўриш мумкин. Афсуски, бўлажак парламент сайлови аввалгиларидан сиёсий кучларнинг ўта суст фаолияти билан фарқ қилмоқда”, - деди Сергей Дуванов.

Мухолифат ҳукмрон “Нур Отан” ҳозирданоқ ғайриқонуний ҳаракатларни бошлаганини маълум қилмоқда. Масалан, Қозоғистон шимоли ва шарқида сайлов вақтида агар ўз ҳудудида “Нур Отан” учун етарли овоз олиб бермаса, ҳокимлар эгаллаб турган лавозимидан бўшатилиши ҳақида огоҳлантирилган. Мамлакатдаги бюджет ташкилотлари ходимлари шак-шубҳасиз ҳукумат партияси учун овоз бериши кераклиги ҳақида топшириқ олган. Баъзи ҳудудларда эса президент ва оиласи тўғрисида танқидий мақолалар чоп этаётган мухолифат газеталари мусодара қилиниши ҳоллари ҳам қайд этилган.

“Альтернатива” долзарб тадқиқотлар маркази раҳбари Андрей Чеботарёв “Нур Отан”нинг сайлов арафасида бундай ғайриқонуний ҳаракатларга бориш эҳтимоли мавжудлиги ҳақида гапирди.

“Ҳукумат сайловолди кампанияси вақтида “Нур Отан” партиясини қўллаб-қувватлаш учун маъмурий ресурслар ишга солиниши эҳтимолдан холи эмас. Ҳокимлар ўз назоратидаги бюджет ташкилотлари ходимларининг сайловда максимал даражада иштирок этишини таъминлаши турган гап. Чунки бундай ҳолатларни кўп. Бу ҳукумат топшириғи. Унга бўйсинмаган ҳокимнинг ишдан бўшатилиши уйдирма эмас”, - деди Андрей Чеботарёв.

Аммо “Нур Отан” раиси биринчи ўринбосари Бахитжон Жумағулов ўз партияси маъмурий ресурслардан фойдаланаётгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

Мухолифатдаги Социал демократик партия етакчиси Жармахон Туёқбой эса ҳукумат вакиллари мухолифат оёғидан чалишга ҳаракатлар қилаётганини рост эканини билдирди.

“Шарқий Қозоғистонда номаълум кишилар партиямизнинг сайловолди тарғибот материалларини йўқ қилиш ҳолатлари бўлди. Кейинчалик бу иш маҳаллий ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан амалга оширилгани, бунга эса ўша ҳудуд ҳокими топшириқ бергани аниқланди. Энг асосийси, бу каби ҳолатлар, яъни ҳукуматнинг мухолифат фаолиятига тўсқинлик қилиши мунтазамлик тусини олмаслиги керак. Мансабдорлар юқоридагилар топшириғи, жумладан, Н.Назарбоевга хизмат қилиш орқали ўз оёғига болта ураётганидан хабари йўқ”, - деди Ж.Туёқбой.

Ж.Туёқбой мухолифат сайловолди кампанияси ва сайлов имкон қадар адолатли ўтишини сўраётгани, акс ҳолда мухолифат кескин чоралар кўришга мажбур бўлишини билдирди.

“Агар ҳокимият бизнинг яхши ниятларимизни эшитишни хоҳламаса, биз энг кескин чоралар, жумладан, ўтказилган парламент сайловига бойкот эълон қилишгача борамиз. Бизни кескин чоралар кўришга ҳукуматнинг ўзи мажбур қилиши мумкин”, - деди Жармахон Туёқбой.
XS
SM
MD
LG