Линклар

logo-print

Қирғизистон ўз мигрантларини ҳар томонлама ҳимоялашга уриняпти


Қирғизистон ҳукумати Россия ва Қозоғистонда меҳнат қилаётган қирғиз мигрантлари ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича бир қанча чоралар кўрганини айтаётган бўлса-да, мигрантларнинг ўзи бу тадбирлар етарли эмаслигини билдираётир.

Шунинг учун ҳам Россиядаги қирғиз мигрантлари ўз ҳукумати олдига янги талабларни қўймоқда. Мигрантларининг бугунги кундаги талаб ва эҳтиёжини ўрганиш мақсадида мамлакат парламенти махсус комиссияси Россия шаҳарларида бўлиб қайтди.

Расмий маълумотларга кўра, Россияда ҳуқуқ-тартибот ва ҳукумат тизимларининг қирғизистонлик мигрантларга муносабати ўзбекистонлик ёки тожикистонлик меҳнат мигрантларига бўлган муносабатга нисбатан анча яхши. Қирғиз расмийлари буни ҳукумат мунтазам тарзда қирғиз мигрантлари ҳаёти билан қизиқиб тургани билан изоҳлайди. Россияда меҳнат қилиб қайтаётган қирғизистонликлар ҳам буни тасдиқлайди.

“Россиядан қайтганимга бир йил бўлди. Қирғизистон фуқароси бўлганим учун муносабат яхши эди. Ҳозир аввалгидан ҳам яхши бўлиб қолди, деб эшитдим. Негаки, қирғизистонлик бўлсангиз, икки-уч ойда енгиллатилган тартибда Россия фуқаролигига ҳам қабул қилинишингиз мумкин экан”, - дейди Ҳамид исмли суҳбатдош.

Рашид исмли бошқа бир суҳбатдошнинг сўзларига кўра, Қирғизистон фуқароларига милициянинг ҳам муносабати яхши. Чунки Россиянинг қирғизистонлик меҳнат мигрантлари кўп бўлган шаҳарларида Қирғизистон консулхоналари бор. Улар қирғиз мигрантлари ҳуқуқини ҳимоя қилади.

Қирғизистон Миграция қўмитаси раҳбари Ойгул Рисқулованинг айтишича, меҳнат мигрантлари бир йилда ватанига 852 миллон доллар маблағ жўнатади. Бу Қирғизистон Миллий банки тарқатган маълумотдир.

- Шундоқ экан, - дейди Айгул Рисқулова, - Қирғизистон ҳукумати меҳнат мигрантларига шарт-шароит яратиш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни устивор вазифалардан бири, деб билади.

Қирғизистон конституциясида иккифуқароликнинг тан олиниши ҳам қирғиз меҳнат мигрантларига бир қанча енгилликлар яратмоқда. Улар қирғиз фуқаролигидан воз кечмаган ҳолда Россия фуқаролигини қабул қилаётир. Масалан, 2006 йилда 50 минг қирғизистонлик Россия фуқаролигига қабул қилинган бўлса, 2007 йилнинг беш ойи ичида бу кўрсаткич 12 минг кишини ташкил этган.

Россиядаги қирғиз меҳнат мигрантлари муаммолардан холи, деб бўлмайди. Бу муаммоларни ўрганиб қайтган парламент махсус комиссияси аъзоси Султон Ўрманаев Россиядаги қирғизларни миллий паспортлар билан таъминлаш масаласи қийин кечаётганини айтади.

“Қирғиз мигрантлари ўзлари паспорт ололмаётган бир пайтда нега Тожикистон фуқаролари қирғиз паспортини сотиб олиб, Россия фуқаролигини қабул қилаётгани ҳақида сўраяпти. Улар ҳатто хитойликлар ҳам қирғиз миллий паспортлари билан Россия фуқаролигини қабул қилаётганини айтмоқда”, - деди депутат ва бу масала тез кунларда махсус текширилишини билдирди.

Депутат Осмон Аттокуров таъкидича, қирғиз мигрантлари Россияга кетаётганда ёки қайтаётганда Қозоғистон чегарачилари томонидан таланмоқда.

“Қирғизистон фуқароларининг Қозоғистон орқали ўтиши жуда қийин бўлиб қолди. Қозоқ чегарачилари уларни қип-яланғоч қилиб текширишгача бориб етди. Ҳукумат бундай хўрликларга барҳам бериши лозим”, - деди О.Аттокуров.
XS
SM
MD
LG