Линклар

logo-print

Россия Буюк Британияга жавоб қайтарди

  • Барно Анвар

Россия британиялик тўрт дипломатни мамлакатдан чиқариб юбориш, Британия расмийларига виза бермаслик ва келгусида бу давлат билан терроризмга қарши курашда ҳамкорлик қилмаслик ҳақида қарор қабул қилди.

Бу Буюк Британиянинг россиялик тўрт дипломатни мамлакатдан чиқариб юбориш ҳақидаги қарорига Кремлнинг жавобидир.

“Элчи жанобларига расмий нота тақдим этилди. Унда Буюк Британиянинг Москвадаги элчихонаси тўрт ходими “персона нон грата” экани баёнот қилинган. Улар 10 кун муддат ичида Россия ҳудудини тарк этиши керак”, - деди Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Михаил Каминин.

Расмий Лондон Москванинг бу қарорини “мутлақо ўзини оқламайдиган қарор”, дея баҳолади.

Ахборот агентликларининг хабар қилишича, Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Милибэнд шу мазмунда баёнот берган.

“Британия ҳукумати Россия томонининг Александр Литвиненко қотиллиги юзасидан текширувда ҳамкорлик қилиш ва унинг ўлимида гумонланаётган асосий фигура Андрей Луговойни экстрадиция қилишдан бош тортаётганидан чуқур таассуфда”, - дейилади ахборот агентликлари вазир сўзидан келтирган иқтибосда.

Айни вақтда Буюк Британия Москванинг ушбу қарорини синчковлик билан ўрганиб чиқмоқда. Ғарб оммавий ахборот воситалари Европа Иттифоқи ва АҚШ айни вазиятда Буюк Британия позициясини тўлиқ маъқуллаётгани ҳақида ёзмоқда.

Россия-Буюк Британия муносабатларининг бу даражада совушига ўтган йили Лондонда Россия Федерал хавфсизлик хизмати собиқ офицери Александр Литвиненконинг заҳарланиб ўлдирилиши сабаб бўлди. Кремль бу қотилликда асосий айбдор кўрилаётган тадбиркор Андрей Луговойни Лондон ихтиёрига беришдан бош тортганига жавобан Буюк Британия кескин дипломатик чоралар қўллаш йўлини тутди.
XS
SM
MD
LG