Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:06

Қозоғистон қўшнисига ўхшаб боряптими?


АҚШ Давлат департаменти Қозоғистон ҳукуматини “kz” домени ва Интернетдан фойдаланувчилар устидан назоратни кучайтираётгани, мухолифат сайларига тўсиқ ўрнатаётгани ёки уларнинг очилишини секинлаштиришга уринаётгани учун танқид қилди.

“Одил сўз” сўз эркинлигини ҳимоя қилиш халқаро жамғармаси раҳбари Тамара Калеева Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Интернетни жиддий мониторинг қилаётганини билдирди.

“Ўтган йили маҳаллий журналист Казис Тўғузбоев “куб.кз” сайтида чоп этган мақоласида президентни ҳақорат қилгани учун суд олдида жавоб берди. Ўшанда биз миллий хавфсизлик ходимлари Интернетдаги маҳаллий сайтларни доимий равишда кузатиб боришига амин бўлдик”, - дейди Т.Калеева.

У МХҚ айнан қайси сайтларни мониторинг қилаётганини ошкор этмаслигини, лекин улар айнан мухолифат сайтлари эканига шубҳа йўқлигини таъкидлади.

“Аммо сайтларни тўсиш - бу жиддий масала. Бундай ҳолатлар Қозоғистонда жуда кам учрайди. Бизда кўпгина мухолифатчиларнинг шахсий сайтлари бор. Улар доимий равишда ишлаб туради. Муаммо уларнинг очилиш тезлиги сезиларли даражада пасайтирилаётганида. Бироқ буни Қозоғистон ҳукумати амалга ошираётганини ҳали ҳеч ким исботлаб бера олгани йўқ”, - деди Т.Калеева.

Фуқаролик жамияти жамғармаси эксперти Виктор Костуновский эса Қозоғистоннинг Интернетни назорат остига олиш бўйича олиб бораётган сиёсати қўшни Ўзбекистондаги вазият билан ўхшаш эканини айтди.

Аммо Қозоғистондаги провайдерлар мамлакатда Интернет МХҚ назоратида эканини инкор этмоқда. Хусусан, “Нурсат” компанияси вакили МХҚ провайдерлар орқали Интернетни назорат қилаётгани ҳақидаги маълумот ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG